Қашқадарёдаги GTL заводида безорилик қилган ишчилар 480 миллион сўмлик зарар етказган

Қашқадарёдаги GTL заводида безорилик қилган ишчилар 480 миллион сўмлик зарар етказган

Таъкидланишича, заводда ўрнатилган тартиб-қоидадан норози бўлганларга нисбатан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «в» банди (Кўп миқдордаги мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) ва 277-моддаси 2-қисми «б», «в», «э» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан; совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб; кўп миқдорда зарар етказиб, бировнинг мулкини нобуд қилиб ёки унга шикаст етказиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Вилоят ИИБнинг маълум қилишича, тўполон пайтида ишчилар эшик ва дераза ромларининг ойналарини тош ва темир жисмлар билан уриб синдирган, уларни яроқсиз ҳолатга келтирган. Ходимларнинг хизмат хоналарига кириб 19 турдаги 14 миллион 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги 4 миллион 365 минг сўмлик ёзув столлари, 27 миллион 777 минг сўмлик кондиционерга, корхонанинг умумий ҳисобда 480 миллион сўмлик мол-мулкига шикаст етказган.

Ҳодиса содир бўлган жой вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси терговчилари томонидан кўздан кечирилган, ишга алоқадор бўлган ишчилар жиноят иши доирасида гувоҳ тариқасида жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқлар ва Telegram’даги оммабоп каналларда 21 октябрь куни Enter Engineering компаниясининг Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги объектларидан биридаги ишчиларнинг норозилиги акс этган видеоёзувлар тарқалган. Бу ҳолатни изоҳлаган Enter Engineering компанияси матбуот хизмати ишчилар норозилигига нонушта ўз вақтида берилмагани сабаб бўлганини маълум қилди. Шундан сўнг Энергетика вазирлиги Uzbekistan GTL’даги вазият барқарорлашганини, барча муаммо ва масалалар жойида ижобий ҳал этилганини хабар берди. Завод масъули Шуҳрат Арзиев эса ОАВ вакиллари билан мулоқотда Uzbekistan GTL заводи қурилишидаги ишчиларининг оммавий норозилигига уларнинг иш куни кўпайиб, дам олиш куни ўзгаришсиз қолгани ҳам сабаб бўлганини очиқлади. Мазкур ҳолатга батафсил жавоб беришни ният қилган Энергетика вазирлиги 24 октябрь куни журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилди.

Пресс-турда Uzbekistan GTL бош директори Фахриддин Абдурасулов «Бу ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилади. Биз олдиндан бирор гап айтолмаймиз. Аммо давлатимиз қонунчилиги бўйича ҳолат ўрганилиб, бизга хулоса берилади. Шундан сўнг бу ҳақда бирор нима дейишимиз мумкин», — деганди.