АОКА ҳузуридаги штабда Коронавирусга қарши штаб аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг ўтказилди. Унда коронавирус инфекциясини даволаш ва касалликни олдини олиш бўйича саволларга жавоб қайтарилди.
— Қайси ҳолларда COVIDга чалинган бемор албатта стационар шароитида даволаниши лозим?
- Ҳансираш (ҳаво етмаётганлигини сезиш) – нафас олиш частотаси беморнинг тинч ҳолатида дақиқасига 22 ва ундан юқори бўлиши;
- тана ҳарорати стабил равишда 39 даража ва ундан юқори бўлиб, иситмани туширувчи дори воситалари ёрдамида тушмаслиги;
- қоннинг кислород билан таъминланиш фоизи 90 фоиздан паст бўлиши (бу кўрсаткич пульсоксиметр ёрдамида аниқланади);
- қон босимининг тушиб кетиши ёки кескин кўтарилиб кетиши (90 дан паст ёки 220 дан юқори);
- юрак уришининг тезлашиши – пульс дақиқасига 130 ва ундан юқори бўлиши;
- беморда онг кўрсаткичларининг пасайиши;
- қўшимча хавф омиллари: ёши 60 ва ундан юқори, ёндош касалликлар – диабет, гипертония, юрак хасталиклари, ўпка ва буйракнинг сурункали касалликлари, онкологик касалликлар ва иммунитетнинг пасайиши;
- оғир симптомларнинг мавжудлиги, яъни чидаб бўлмайдиган оғриқлар, жумладан бош оғриқлари, тўхтамасдан қайт қилиш ва интенсив диарея.
Шу ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат килиб бемор стационарга юборилиши лозим!