Қайси касб эгалари коронавирус билан кўпроқ касалланиши мумкин?

Қайси касб эгалари коронавирус билан кўпроқ касалланиши мумкин?

Бугун АОКА штабида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

— Қайси касб эгалари коронавирус билан кўпроқ касалланиши мумкин?

— "Контингент риска" деган тушунча бор, яъни хавфлилик даражаси юқори бўлган аҳоли қатлами, хавф бевосита касбига боғлиқ бўлган соҳада ишловчи фуқароларимиз мавжуд.

Булар, биринчи навбатда беморлар билан мулоқотда бўладиганлар, яъни тез тиббий ёрдам хизмати ходимлари, шифокорлар, фельдшерлар. Чунки улар касаллик чақирувига асосан хонадонга боришади, бемор билан дастлабки мулоқотда бўлади, уларнинг ҳолатини ўрганиб, биринчи ёрдам кўрсатади.

Бугунги кунда улар касалланмаслиги учун махсус тайёргарликдан ўтказилган. Касаллик профилактикаси, юқишининг олдини олиш, биринчи ёрдам кўрсатиш жараёнида ўша жойдаги эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш, тавсияларни бериш, уларни ташкил қилиш бўйича малакага эга.

Биз уларнинг соғлигини сақлаш учун куни кеча Республика бош давлат санитар врачининг Қарорини қабул қилдик. Унда хавфлилик даражаси юқори бўлган контингентнинг лаборатория таҳлилларидан ўтказиб боришни йўлга қўйганмиз.

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида тез тиббий ходимлари, шифохоналар, оилавий поликлиникалардаги фуқаролар билан тўғридан-тўғри ишлайдиган регистратура ходимлари, қабул бўлимидаги шифокорлар, ҳамшираларни текширишни режалаштирдик.

Шунингдек, жамоатчилик билан кўп ишлайдиган касб эгалари бор. Булар кассирлар, сотувчилар бўлиши мумкин. Уларнинг ҳам тўлиқ рўйхатлари тузилган.

Умуман, саволда назарда тутилган касб эгаларининг рўйхатлари шакллантирилган. Ушбу касб эгаларини эпидемиологик кўрсатмага асосан текшириш ишларини режалаштирганмиз.