Қибрайда беш кишининг ўлдирилиши билан боғлиқ тафсилотлар маълум қилинди

Қибрайда беш кишининг ўлдирилиши билан боғлиқ тафсилотлар маълум қилинди

Фото: «Nemolchi.uz»

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи оиланинг 4 нафар аъзоси ва ёлланма ишчи ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистондаги зўравонликка қарши «Nemolchi.uz» мустақил нашри қотиллик тафсилотларини эълон қилди — дея ёзмоқда 'Daryo.uz'.

Қайд этилишича, қотилликни содир этган 24 ёшли Шоядбек 26 июль куни Россиядан Тошкентга 29 июль куни қайтиш чиптаси билан учиб келган ва қотиллик содир бўлган маҳаллага йўл олган.

Қотил видеокузатув камералари бўлмаган жойда такси тўхтатиб, ўзи билан иккита қассоб пичоғини олиб уйга келган.

Биринчи зарбани эшик олдидаги уйда ухлаб ётган оиланинг кенжа қизи Мадина олган. Шоядбек уни Малика билан адаштирган. Мадинанинг овозидан отаси, акаси Қаюм ва ёлланган ишчи югуриб келади.

Қотил уларни ҳам пичоқлайди ва кўчага отланаётиб, онаси ва икки боласи билан турган Маликага тўрт марта пичоқ билан зарба беради.

Кейин таксига қайтиб, ҳайдовчига қизнинг отаси унга ҳужум қилганини айтади. Шоядбекни тушунмаган такси ҳайдовчиси қонни ювишга ёрдам беради ва унга қўшимча кийим беради. Шундан сўнг улар аэропортга йўл олади.

Аэропортда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг кўплигини пайқаган Шоядбек машинани Қўйлиқ томонга ҳайдашни сўрайди. Қотил у ердан таксида Андижонга йўл олади. Йўлда қотил ҳибсга олинади.

Жиноят содир бўлган жойга тез ёрдам машинаси етиб келади, унга ўша вақтда тирик бўлган ишчи ортилади. Бироқ у тан жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этади. Вилоятда унинг иккита боласи ва ҳомиладор хотини қолган.

Маликанинг онасининг сўзларига кўра, уларнинг оиласи Шоядбек билан бир неча йил олдин танишган. У Маликанинг кредитга олинган уйини таъмирлаб берган. Бу вақт ичида йигит бир неча бор Маликадан қарз сўраган. Шундан сўнг йигит Маликага бошқача муносабатда бўла бошлаган ва унинг қўлини сўраган. Малика у билан бирга яшамаслигини маълум қилгандан сўнг Шоядбек аёлнинг отаси олдига боради.

Шоядбекни Маликага уйланишдан мақсади қарзни тўламаслик эканини англаган оила ундан юз ўгиради.

Шундан сўнг, Шоядбек Россияга жўнаб кетади ва Малика оиласига таҳдид қила бошлайди. Интернетда у қиз ва унинг оиласи ҳақида ҳақоратли постларни, порнографик фотосуратларни монтаж қилиб тармоққа жойлаштиради.

Июль ойида Ўзбекистонга қайтиб Малика ишлайдиган ишхонага бориб аёлнинг ҳамкасблари олдида пичоқ билан унга таҳдид қилади. Кейин Малика ички ишлар органларига ариза ёзади, лекин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳеч қандай ҳаракат бўлмайди.

Май ойида оила аъзолари туман ички ишларига ҳам ариза ёзади, кейинроқ порталга ҳам мурожаат юборади (жавоби ҳали ҳам келмаган). Маликанинг онасининг сўзларига кўра, ички ишлар органлари Шоядбекни Россияда эканини айтиб, ҳеч нарса қила олмасликларини маълум қилган.

«Агар ички ишлар органларимиз хотин-қизларнинг аризаларига қўл силтамасдан ўз вақтида муносабат билдирганда, ҳақорат, туҳмат, шантаж учун гумонланувчининг хорижга чиққанини баҳона қилмасдан қидирувга берганда, Ўзбекистонда Жиноят кодексининг ‘ўлдириш билан қўрқитиш’ 112-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилганда 5 киши тирик қолган бўларди», – дейилади хабарда.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а, ж» бандлари (ўта шафқатсизлик билан икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилди. Бу модда 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод қамоқ жазосини назарда тутади.

Дастлабки тергов вилоят прокуратурасининг оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилмоқда.