Қибрайда қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ишга туширилади

Қибрайда қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ишга туширилади

Энергктика вазирлигига кўра, Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ва қуввати 230 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Станция Тошкент вилоятининг Қибрай тумани (Тошкент ИЭС ғарб томонида) ҳудудидаги 7 гектар ер майдонида барпо этилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларини ташкил қилади ва “Aksa Enerji” компанияси томонидан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига тўлиқ молиялаштирилади. Станциялар жорий йилнинг тўртинчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, йилига 3,9 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш ҳисобига йилига 550 миллион метр куб табиий газ тежалади.

Лойиҳа доирасида “Aksa Enerji” компанияси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида Инвестиция келишуви, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ билан Электр энергиясини сотиб олиш келишувлари имзоланган.

Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2020 йилнинг 13 августда “Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4807-сон ва жорий йилнинг 4 мартдаги “Тошкент вилоятида қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станцияси ва қуввати 230 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш” ҳамда “Бухоро вилоятида қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5018-сонли қарорлари доирасида амалга оширилмоқда.

Айни пайтда қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станциясида ва 230 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясида қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Шунингдек, Бухоро вилоятида умумий қуввати 270 МВт бўлган газ-поршенли электр станциясида қурилиш ишларини бошлаш учун ер майдонида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳамиятлиси, қурилиш давомида 900 нафар ишчи-ходимлар фаолият юритади. Станциялар ишга тушгач 220 нафар янги иш ўрни яратилади.