Қибрайдаги ариқдан қон оқмоқда(ми?) (видео+)

Қибрайдаги ариқдан қон оқмоқда(ми?) (видео+)

"Rost24.uz" интернет нашри хабар қилишича, Тошкент вилояти Қибрай туманининг Ўнгқўрғон маҳалласидаги фермер хўжаликларининг ўртасидан ўтган ариқдан ҳар куни икки маҳал қон оқади.

(видео+)

"Тошкент шаҳридан 2 км. наридан ўтган мазкур ариқда оқадиган қонни илк бор кўрган одам хаёлига китобларда ўқигани, қирғинбарот урушларда “ариқлар тўлиб қон оқди”, “қонлар ариқ бўлиб оқди” деган сўзлар келаверади.

Ариқ ёқалаб тахминан 3-4 километрлар юргандан сўнг қон қуйиладиган яширин қувур топилди.

Бу қувур тахминан 300 метр узоқликдаги қушхонадан ўтказилгани маълум бўлди. Олхўри дарахтлари экилган фермер хўжалигининг тахминан 2 метр тагидан яширинча ўтказилган махсус қувурдан ариққа қуйилар экан.

Мазкур қушхона эса “ОБОД САВДО БИЗНЕС” МЧЖга қарашли мол бозорининг ичида жойлашган. Ушбу бозордан харид қилинган ва бошқа жойдан олиб келинган моллар шу ернинг ўзида сўйилиб қони ва ахлати ер тагидан ўтган қувур орқали ариққа оқизиб юборилар экан. Мана сизга тадбиркорлик.

Ҳар кун 2, 3 маҳал қон оқадиган ушбу ариқ Қибрай туманидан ўтувчи “Қорақамиш” каналига қўшилади. Бу канал эса Тошкент шаҳрининг “Қорақамиш” массивидан ўтиб Олмазор туманининг марказидаги сузиш ҳавзасига қуйилар экан. Ушбу ҳавзага сўйилган молларнинг қон ва ахлати етиб келгунча кўринишини йўқотиши мумкиндир, аммо таркиби йўқолмайди. Ёз кунлари аҳоли чўмиладиган сувга қўшилишини ва оқибатини ҳеч қандай изоҳ билан оқлаб ҳам бўлмайди.

Мазкур муаммога нафақат Қибрай туман мутасаддилари,балки Экология қўмитаси, Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази каби бир қанча мутасадди ташкилотлар эътибор қилиши лозим.

Тошкент вилояти Қибрай туманининг Ўнгқўрғон маҳалласидан бошланадиган қонли сувлар пойтахтимизнинг ўртасидан ўнлаб километр масофа босиб миллионлаб аҳоли яшайдиган манзиллардан ўтиб кетади. Ҳаттоки ёш болалар чўмиладиган ҳавзаларга ҳам бир кириб ўтиши юқоридаги амалдорларимиз жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган жиддий мавзу", дея ёзмоқда сайт.