Қирғизистон: Атамбаев ва Ўзбекистон чегарачилари қайтарган ҳокимга нима бўлди?

Қирғизистон: Атамбаев ва Ўзбекистон чегарачилари қайтарган ҳокимга нима бўлди?

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси намойишчилар қамоқдан озод этган собиқ давлат амалдорларини ихтиёрий равишда ортга қайтиш, акс ҳолда қатъий чораларга юз тутишлари билан огоҳлантирмоқда. Қайта қўлга олинганлари-чи, улар қаерда? Бу ҳақда Би-Би-Сида мустақил журналист Шоҳруҳ Соиповнинг мақоласи эълон қилинди.

Алмазбек Атамбаев

Олтинчи октябрь куни Бишкекда Оқ уй ишғол қилиниши ортидан, қамоқдан озод этилган собиқ президент Алмазбек Атамбаев ва унинг икки қўриқчиси 10 октябрь куни яна ҳибсга олинган.

Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси вакили Раҳат Сулаймоновнинг Би-би-сига айтишича, қўлга олинганлар, 9 октябрдаги тартибсизликларни ташкиллаштиришда айбланишмоқда.

Атамбаев "Қўй-Тошдаги" уйи яқинида махсус қуролланган кучлар ёрдамида қўлга олинган.

Унинг аёли ҳам ўғиллари билан уйидан енгил машинада чиқиб кетаётганида БТР - ҳарбий зирхли улов билан йўллари тўсилган, ўғиллари хавфсизлик идорасига олиб кетилган ва кечга яқин озод этилган.

Ундан ташқари, пойтахт Бишкекда тартибсизликлар уюштирганлик гумонди билан Атамбаевнинг тарафдорлари: "собиқ" Ички ишлар вазири Курсан Асанов, собиқ депутат Мээрбек Мискенбаев, Рустам Ибраимов, Темирлан Султанбековлар ҳам ҳибсга олинган.

Шунингдек, хавфсизлик хизмати президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов ва собиқ депутат Равшан Жээнбековни ҳам қўлга олган, бироқ сўроқдан сўнг, кечга яқин уй қамоғига чиқарган.

9 октябрь куни собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўзининг "Форум" корхонаси олдида митинг ўтказиб, президент Сооронбай Жээнбеков сиёсатини танқид қилган ва ўз тарафдорлари билан ҳукумат уйига юриш қилган.

Улар марказий майдонга этиб келиб, ёш фаоллар билан бирлашиб, митинг ўтказаётганларида ҳозирда янги "Бош вазир" Садир Жапаровнинг бир гуруҳ тарафдорлари келиб, уларни майдондан қувиб чиқаришган.

Тўқнашувлар натижасида айримлари жароҳат олган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги етти киши тиббий ёрдамга мурожаат қилганини тасдиқлаган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўтган йили бир неча жиноий иш бўйича ҳибсга олинган.

У жиноий гуруҳ раҳбари Азиз Батукаевни ноқонуний равишда қамоқдан озод қилиниши бўйича айбдор, деб топилиб, 11 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилган.

Шаҳар суди ҳукмни ўз кучида қолдирган. Ҳозирда эса унинг устидан ўтган йили юз берган Қўй-Тош можароси бўйича суд жараёнлари давом этмоқда.

Қамоққа қайтинглар

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси намойишчилар қамоқдан озод этганларни ихтиёрий равишда ортга қайтиш, акс ҳолда қатъий чораларга юз тутишлари билан огоҳлантирмоқда.

Хавфсизлик идорасининг маълумотига кўра, қамоқдан озод қилинган "Электр станциялари" очиқ хиссадорлик ташкилотининг раҳбари Салайдин Авазов 11 октябрь куни қайта қўлга олинган.

Собиқ раҳбар Бишкекдаги иссиқлик электр марказидаги порахўрлик бўйича судланиб, 11 йилу уч ойга қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Шунингдек, айни шу электр марказидаги порахўрлик иши бўйича 14 йилга ҳукм қилиниб, бироқ 6 октябрь куни қамоқдан намойишчилар озод қилган "Миллий энергохолдинг" компаниясининг собиқ раҳбари Ойбек Қалиев 12 октябрь куни қамоқхонага ўз ихтиёри билан қайтиб келган.

5 октябрь куни намойишчилар ҳукумат биносини эгаллаб олиб, қамоқдан озод этганлар орасида порахўрликда айбланган собиқ Бош вазирлар Жонтўра Сотиболдиев ва Сапар Исақовлар ҳам бор.

Ҳозир икковлоннинг қаердалиги номаълум. Уларни излаб, қўлга олиш ишлари давом этмоқда.

"Сизнинг вазиятингиз бошқа"

10 октябрь куни Бишкекдаги "Ала Арча" резиденциясида бўлиб ўтган парламент депутатларининг навбатдан ташқари йиғинида собиқ спикер Достонбек Жумабеков ҳам қамоқдан қочган сиёсатчилар ўз ўринларига қайтарилиши кераклигини айтган.

"Порахўрлик бўйича экс-президент, депутат ва Бош вазирлар қамалган. Улар бўлиб ўтган воқеалар пайтида қамоқдан озодликка чиқиб кетишди. Бу ерда тегишли идора раҳбарлари турибди, мен уларга мурожаат қиламан, суд ҳукми чиқмагунча, уларни озодликка чиқишга ҳаққи йўқ. Сабаби улар жиноят қилди. Биз қарорларимиз билан давлат хазинасига қанча зиён етказганини аниқлаб берганмиз. Шунинг асосида Бош прокурор, тегишли идоралар жиноий иш очиб, судга ўтказишган. Бироқ, улар сиёсий қарор бўлган деб, икки кун ўзларини оқлашди. Агар сиз (Бош вазир) давлат учун қайғурсангиз, уларни қайта қамоққа, терговга қайтариб, суд оқласа, озодликка чиқсин деган қарорга келишингиз керак", дея маслаҳат берган Достонбек Жумабеков.

У Бош вазирликка тайинланган Садир Жапаровнинг судлангани юзасидан ҳам ўз фикрини билдирган.

"Сизни ишингиз аниқ, давлат манфаатини ҳимоя қиламан деб юриб, 2012 йилдан бошлаб юриб..., сизни ҳам сиёсий қарорлар билан қамоққа ўтқазишган. Буни халқ билгани учун, Садир, деб айтишаяпти. Биз, 6-чақирилиш депутатлари шундай ишларга бордик. Шу нарсаларимизни кўра олмаганлар, бизга "чимкирик", деб ном қўйди. Энди сиз баҳо беришингиз керак. Нима сабабдан бундай бўлганимизни. Биз халқ манфаатини ўйлаб, порахўрларни қамоққа ўтқазиш учун шундай қарорлар қабул қилганмиз", дея оқланган собиқ спикер.

Тилек Матраимов 1 ойга қамалди

Кеча, 12 октябрь куни Ўш шаҳар суди Қорасув туманини сўнгги 8 йил давомида бошқариб келган собиқ ҳоким Тилек Матраимовни бир ой қамоққа олиш бўйича қарор чиқарган.

У Ўш шаҳар ва вилояти бўйича Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг тергов изоляторида 9 ноябргача сақланади.

6 октябрь куни юз берган "ҳокимият алмашинуви" ортидан истъефога чиққан ҳоким Тилек Матраимов 7 октябрь куни Ўзбекистон чегарачилари тарафидан қўлга олинган эди.

Тилек Матраимов тансоқчиси ва жияни - акаси Искендер Матраимовнинг ўғли билан дарё орқали Ўзбекистонга ўтаётгани айтилган. Қайси дарё экани очиқланмаган.

Ўзбекистон 9 октабрь куни қирғиз томонига давлат чегарасини бузганлар - 1967 йилда туғилган Матраимов Тилек, 1989 йилда туғилган Қўчқорбаев Зиябиддинбек ва 1979 йилда туғилган Аҳмедов Махсудни топширган.

Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу шахслар 2020 йилнинг 6 октябрь куни Ўзбекистон чегарачилари томонидан давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганда қўлга олинган.

Хавфсизлик идораси Тилек Матраимов ва унинг ҳамроҳларига нисбатан Жиноят Кодексининг 358-моддаси: давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш фактлари бўйича жиноий иш очган.

Жорий пайтда Қирғизистон пойтахти Бишкекда узайтирилган фавқулодда ҳолат режими амалда.

Қорасув

Тилек Матраимов саккиз йилдан буён мамлакатнинг энг йирик туманларидан бири бўлган Қорасувни бошқариб келган.

У соғлиги ёмонлиги сабаб, парламент сайловлари олдидан таътилга чиққан.

Қорасув тумани Ўзбекистоннинг Андижон вилояти билан чегарадош бўлиб, ҳудудни Шархонсой канали ажратиб туради.

Расмий маълумотларга кўра, бу туманда 440 мингдан ортиқ одам яшайди. Уларнинг кўпчилиги ўзбекларни ташкил этади.

Шунингдек, Қорасув шаҳрида Фарғона водийсидаги йирик ҳисобланган "Туратали" бозори ҳам жойлашган.

Бу бозорнинг асосий ҳаридорлари ўзбекистонликлар ҳисобланади. Матраимовлар қирғиз сиёсатчилари ва амалдорларининг таъсирчан оиласидир.

Собиқ ҳоким Тилек Матраимов Қирғизистон Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг укаси.

Уларнинг яна бир акаси Искендер Матраимов эса парламент депутати.

Бу йилги парламент сайловида Искендер Матраимов "Мекеним Қирғизистон" партиясидан қатнашиб, партия 24 фоиз овоз олган ва ҳукумат партиясидан кейин, иккинчи ўринда парламент депутатлигини қўлга киритиши керак эди.

Бироқ, норозилик намойишлари ортидан иқтидорга келган "янги ҳукумат" сабаб, Марказий сайлов комиссияси овоз беришдаги жиддий қонунбузарликларни рўкач қилиб, сайлов натижаларини бекор қилган.

Раимбек Матраимов эса, Қирғизистондаги ноқонуний товар алмашуви (контрабанда), ҳамда пул ювиш ва порахўрлик бўйича журналистик суриштирувларда гумонланаётган шахс сифатида танилган.

Орада Қорасув тумани ҳокими ўрнига мухолифат ўз вакилини тайинлаганига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган, аммо маълум бўлишича, Тилек Матраимов вазифасини жорий пайтда унинг муовини Капарбек Абдиев бажараяпти.