Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Ўзбекистоннинг Сўх анклавига коридор берилишини рад этди

Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Ўзбекистоннинг Сўх анклавига коридор берилишини рад этди


Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Ўзбекистоннинг Сўх анклави коридор олмаслигини айтди. Бу ҳақда у 15 март куни Боткен вилояти аҳолиси билан учрашувда маълум қилди, деб хабар бермоқда «24.кг».

Қамчибек Ташиев провокацияга учмасликка ва ишончсиз маълумотларга ишонмасликка чақирди.

«Биз коридорни бермадик ва бермаймиз. Президент Садир Жапаров нутқида бундай гаплар бўлмаган. Анклав аҳолиси эркинроқ ҳаракатланиши учун назорат пунктини очишга келишиб олинди. Биз анклав чегарасини аниқлаш ва демаркация қилиш ниятидамиз. Ёлғонларга ишонманг. Чегара билан боғлиқ масалалар юзасидан фақат биз (Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати — «24.кг» изоҳи) маълумот бера оламиз. Агар биз айтсак — бошқа гап», — деган Қамчибек Ташиев.

Қирғизистон Сўхга йўл очишга, Ўзбекистон эса Ункар-Тоони беришга тайёрлиги ҳақида Қирғизистон президенти матбуот котиби Галина Байтерек Садир Жапаровнинг Тошкентга давлат ташрифи сарҳисобида маълум қилганди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, бу ҳақдаги маълумот президент сайтидан ўчирилган, сўнг ўзгартирилган ҳолда қайта чиқарилган. Янгиланган мақолада Қирғизистон томон фақат авиаалоқаларни очишга тайёрлиги айтилган.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Омурбек Суваналиев Садир Жапаровнинг ташрифи якунларига кўра вилоятларнинг чегара ҳудудида ўтиш пунктлари очилишини маълум қилган. Чегара пост хизмати дастлаб пиёдалар учун, уч ой ичида эса автомобиллар учун очилиши айтилган.