Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевга 2020 йилнинг октябрь ойида ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш ва оммавий тартибсизликларни ташкиллаштириш айбловлари эълон қилинди. Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Слесаревга таяниб, «Коммерсантъ» хабар берди. Атамбаев ўтган йилнинг октябридан буён ҳибсда сақланмоқда.
«Атамбаевга ўтган йилнинг октябрь ойи бошларида пойтахтда юз берган оммавий тартибсизликларни уюштиришда ва ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга уринишда гумон қилингани тўғрисида хабарнома топширилди», — деди адвокат. Ҳимоячининг таъкидлашича, тартибсизликнинг биринчи кунларида собиқ президент ҳибсда эди ва жисмонан олиб қараганда уларни уюштиришда қатнаша олмасди.
Ушбу иш бўйича президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Фарид Ниёзов, собиқ президент қўриқчиси Канат Сагимбоэв ва ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам қатнашмоқда.