Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими коронавирусга қарши эмлангандан сўнг вафот этди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими коронавирусга қарши эмлангандан сўнг вафот этди

Кеча, 1 апрел куни Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик хизмати департаменти директорининг ўринбосари Бахтиёр Шакиров вафот этди. Бу ҳақда 24.kg сайти  Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб хабар берди.  Хабарда ўлим сабаби ҳали номаълум эканлиги айтилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ матбуот котиби Элена Баялинова Фейсбукдаги саҳифасида хабар тарқатишича, 2-апрел куни 39 ёшли марҳумнинг қариндошлари  уни "CОВИД-19" га қарши эмланганини маълум қилишган. Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик хизмати департаменти директорининг ўринбосари  "China Biotekсhnology Go LTD" компанияси томонидан ишлаб чиқарилган "SinoPfarm" вакцинасини қабул қилган. Ушбу вакцинадан 19 март куни Қирғизистон Республикасига 150 минг дозада келган. Айтилишича, марҳум Бахтиёр Шакиров Москвага малака ошириш курсларида ўқишга кетмоқчи бўлгани учун ўзини ҳимоялаш мақсадида эмлаш жараёнидан ўтишга қарор қилган.

 Элена Баялинова содир бўлган воқеадан сўнг Қирғизистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эмлаш жараёнида реакциялар ва асоратлар туфайли янги йўқотишларни олдини олиш учун хизмат текшируви ўтказиши ва унинг натижалари ҳақида ҳисобот беришлари лозимлигини таъкидлаган. Мамлакат шифокорлари ушбу ҳолатни ҳисобга олишлари ва фуқароларни диққат билан эмлаш олди назоратидан ўтказишлари кераклигини уқтирган.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ҳодиса ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.