Қирғизистонда Коррупцияга қарши кураш хизмати фаолиятига чек қўйилди

Қирғизистонда Коррупцияга қарши кураш хизмати фаолиятига чек қўйилди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Коррупцияга қарши кураш хизмати фаолиятини тугатди. Президент 25 июнь куни тегишли фармонни имзолади, деб ёзмоқда "Daryo.uz".

Фармонда такидланишича, ушбу қарор «Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фаолиятини оптималлаштириш мақсадида» қабул қилинган.

Президент маъмуриятининг хабарида таъкидланишича, Жапаров «иқтисодий ислоҳотлар доирасида фискал, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти такомиллаштирилишини бир неча бор таъкидлаган».

«Аввало, давлатнинг бизнесга аралашуви камаяди ва тадбиркорларга қулай шароит яратиш учун барча чоралар кўрилади. Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Коррупцияга қарши кураш хизмати тугатилиши бу йўналишдаги ҳал қилувчи қадамлардан биридир», — дейилади президент маъмуриятида.

Жапаров ушбу хизмат фаолияти тугатилишини 23 июнь куни ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувда айтган. Ўшанда у солиқ хизмати ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда кўплаб чекловлар орқали тадбиркорлар ва бизнесга босим ўтказаётганини таъкидлаган.

«Бундан маълумки, тадбиркорларга нисбатан босим ҳали тўхтамаган. Аввалроқ тадбиркорларнинг молия полицияси устидан шикоятлари асосида ва мазкур бўлим ишини таҳлил қилиб, ушбу орган ўзини оқламади, деган хулосага келгандик. Шунинг учун биз унинг фаолиятига чек қўйгандик. Бизнесни ҳимоя қилиш мақсадида худди шундай қарор Коррупцияга қарши кураш хизматига нисбатан ҳам қабул қилинди. Ҳозирда тегишли фармон тайёрланмоқда», — деган давлат раҳбари.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳузуридаги Коррупцияга қарши кураш хизмати 2011 йилда ўша пайтдаги президент Алмазбек Атамбоев томонидан ташкил этилган. Хизмат «коррупция фактларини ва коррупция намоён бўлиши ҳолатларини очиш» билан шуғулланган.

Қирғизистон собиқ президенти Сўронбой Жээнбеков ҳам ўз даврида бир неча бор ушбу хизмат фаолиятини танқид қилган. Унинг сўзларига кўра, коррупцияга қарши курашиш керак бўлган пайтда хизмат ходимларнинг ўзи «коррупция ботқоғига ботган».