Қирғизистонда сув омбори атрофидан Ўзбекистонга ер бермаслик бўйича намойиш уюштирилди — видео

Қирғизистонда сув омбори атрофидан Ўзбекистонга ер бермаслик бўйича намойиш уюштирилди — видео

Қирғизистоннинг Ўзган туманида Кемпир-Обод сув омбори атрофидаги ерларнинг Ўзбекистонга берилишига қарши бўлган тўрт мингга яқин киши иштирокида намойиш бўлди. Бу ҳақда «24.kg» хабар берди.

Келтирилишича, намойишчилар Куршаб қишлоқ ҳукуматидаги стадионга йиғилиб, ҳолат юзасидан ҳукумат комиссияси раиси, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан учрашган. Ташиев халқнинг талаби инобатга олинишини, намойишни тўхтатиб, тарқалиб кетишни сўраган.

«Биз осмондан тушмадик. Халқнинг талаби биз учун энг юқори талаб. Кемпир-Ободдан воз кечмасликни сўраяпсиз, демак, ундан воз кечмаймиз. Уни Ўзбекистонга топширмаймиз, ҳаммаси ўз ҳолича қолади. Акси, Ала-Буқа ва Боткен вилоятида ер алмашиш ишларини давом эттирамиз. Ўзбекистон аллақачон 50 гектар майдоннинг 20 тасини тўсиб қўйган. Яқинда Тошкентга бориб, имзоланган протоколни бузмаслик учун уларни кўндиришга ҳаракат қиламан», — дея маълум қилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари.

Маълум бўлишича, 23–25 март кунлари Қирғизистон ва Ўзбекистон делегациялари сув омбори атрофидаги ерларни алмашиш тўғрисида протокол имзолаган. Аҳолининг айрим қисми уни қўллаб-қувватлаган, бошқалар эса келишув оқибатида Қирғизистон сув ресурсларидан маҳрум бўлаётганини айтган. Апрель ойининг ўрталаридан бошлаб маҳаллий аҳоли ушбу қарорга қарши намойиш ўтказишни бошлаган.

Протоколга кўра, Ўзбекистон сув омбори атрофида муҳандислик иншоотларини қурмасликка ва сувни 900 метр баландликда сақлашга ваъда берган, шунингдек, Ўзбекистон 1000 гектар майдонни Қирғизистонга товон пули сифатида топшириши айтилган. Қирғизистон аҳолиси сув омборида эркин балиқ овлаш, сувидан суғориш учун фойдаланиш ҳуқуқига эга.