Қиймати қарийб 1 миллиард 322 миллион сўмлик қинғирликнинг олди олинди

Қиймати қарийб 1 миллиард 322 миллион сўмлик қинғирликнинг олди олинди

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона пости ходимлари бир қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатларини фош этишди. Бу ҳақида Божхона қўмитаси интернет нашри хабар бермоқда.

Хусусан,  хориждан Андижон вилоятида фаолият олиб борувчи жамият номига юк контейнерида келтирилган асбоб-ускуна ва хўжалик товарлари божхона кўригидан ўтказилганда, контейнерларда йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, қиймати 587 млн. сўмлик 2 турдаги маиший буюмлар борлиги аниқланди.

Навбатдаги ҳолатда эса, пост ходимлари томонидан Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими билан ҳамкорликда хориждан келтирилган 2 та юк контейнерини кўздан кечириш давомида ҳужжатларда қайд этилмаган 117 млн. сўмлик 5 турдаги “теле-радио эҳтиёт қисмлари“ ҳамда 4 турдаги 311 млн. сўмлик халқ истеъмоли товарлари мавжудлиги аниқланди.

Шунингдек, Андижон вилоятида фаолият юритувчи яна бир корхонага номига келтирилган товарларни кўздан кечириш давомида йўл юк-кузатув ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган, умумий қиймати 586 млн. сўмлик 8,5 тонна оғирликдаги сунъий терилар борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.