Қизига рўмоли сабабли босим ўтказилаётгани учун мактабга борган блогер ИИБга олиб кетилди

Қизига рўмоли сабабли босим ўтказилаётгани учун мактабга борган блогер ИИБга олиб кетилди

Фейсбукда Абдулазиз (Умар) Аслан тахаллуси билан блогпостлар ёзадиган Лазиз Асадов қарамоғидаги қизига мактабда ҳижоби (рўмоли) сабабли босим ўтказилаётгани туфайли 2019 йил 6 сентябр куни Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги 107-мактаб маъмурияти билан учрашиш учун борган.

Директор хонасида айни мавзуда – Вазирлар Маҳкамасининг 666-сонли қарори ва унга илова қилинган низом бўйича ўзаро суҳбат кетаётганида ўзини таништирмаган, кимлиги номаълум бир неча шахс у кишига ҳужум қилиб, қўлини орқасига қайириб, аввал мактаб ҳовлисига, ундан кўчага мажбурлаб олиб чиқишган ва қўлига кишан солиб, ўша ерда турган ранги оқ, давлат рақами  01 Z 996 AB бўлган Матиз автомашинасига зўрлик билан ўтқизиб, соат 15:10 лар атрофида номаълум томонга олиб кетишган. Кейинроқ уларнинг Учтепа туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўлими ходимлари эканлиги маълум бўлган. 

Аммо Лазиз Асадовни ИИБга олиб боришда унга ҳеч қандай ҳужжат, гувоҳнома кўрсатилмаган. Уни бир неча соат давомида ИИБда ушлаб туришган, "ички ишлар ходимларининг қонуний талабига бўйсунмаслик" асосида тушунтириш хати олиб, ишини судга оширишга ҳаракат қилишган.

Бироқ Лазиз Асадовга айблов қўйилишига унинг мактабдаги суҳбат жараёнини Фейсбук ижтимоий тармоғида жонли намойиш қилгани ва бунинг ортидан кўтарилган шов-шув, шунингдек, оила аъзоларининг Тошкент шаҳар ИИББ ва прокуратурасига уни "номаълум шахслар ўғрилаб кетгани" ҳақида берган аризаси тўсқинлик қилган. Аввал ИИБ, кейин прокуратура ходимлари билан суҳбатдан кейин Асадовдан тушунтириш хати олиниб, кеч соат 21:10 га яқин қўйиб юборилган, унга "соқолини бир энлик қисқартириб, эртасига ИИБга келиб-кетиш" буюрилган.

9963