Қонликўлда йигит севгилисини 4 марта пичоқлади. Қиз ўлимидан аввал йигитни айбсиз деб кўрсатма берди

Қонликўлда йигит севгилисини 4 марта пичоқлади. Қиз ўлимидан аввал йигитни айбсиз деб кўрсатма берди

Қорақалпоғистон Республикасининг Қонликўл туманида мудҳиш воқеа юз берди. Бу ҳақда «Қонун ва ижро» нашри маълум қилди.

Хабарга кўра, ушбу туманда яшаган икки ёш ўлгунча бир-бирларидан айрилмаслик ҳақида аҳду паймон қилиб, агарда бирга бўлишмаса, ўз жонларига қасд қилишга ваъда беришган.

Аммо тақдир тақозоси билан йигит Тошкентга ишлаш учун келганида, қизни уйидагилари бошқа йигитга турмушга бериб юборган.

Йигит юртига қайтгач, қиз билан Нукус давлат педагогика институтининг олдида учрашиб қолади ва ўзаро келишувларини амалга ошириш учун эртаси куни Қонликўл туманида учрашишга келишган.

Шундан кейин, эртаси куни эрталаб соат тахминан йигит 9:30ларда қизни Қонликўл туманида кутиб олиб, биргаликда Қўнғирот туманидаги деҳқон бозоридан ёғоч дастали пичоқ сотиб олишган. 

Шу куни соат тахминан 15:00ларда Қонликўл туманидаги «Бешкўпир» ОФЙда жойлашган «Ешимохун» қабристонига биргаликда боришган. Қабристонда йигит қизнинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган. 

Сўнг соат тахминан 18:00ларда ўзлари билан олиб келган пичоқ билан йигит қизнинг чап кўкрак қисмига икки марта куч билан уриб, қиз ҳушидан кетганидан кейин, унинг бўйин ва қорин қисмларига яна икки марта урган. Йигит шундан кейин ўзини ҳам ўлдиришга уринган. Аммо пичоқ чуқур кирмаган.

Кўп ўтмай воқеа жойига қизнинг эри етиб келган. Ушбу вақтда ҳам қиз тирик бўлиб, уни шифохонага олиб боришаётганида, уни йигит пичоқламаганлигини, бир-бирларини яхши кўришганлигини билдириб, кўрсатма берган. Шундан сўнг вафот этди.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг йигитга нисбатан чиқарган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўз кучида қолдирилди.