Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






"Қонунлар инсонларни ўта бойиб кетишига ёки камбағаллашиб кетишига йўл қўймаслиги керак"
31.10.2022 14:36,  
58

Қадимги Грециянинг иқтисодий таълимотларини ўрганар эканмиз, биз қулдорлик тузумининг барпо бўлиши, ривожланиши ва парокандаликка учраши эволюциясини яққол кўришимиз мумкин. Антик дунё мамлакатларида қулдорлик классик шаклда ривож топган бўлиб, иқтисодий ғоялар ҳам ўша даврда вужудга келган эди. Қадимги Греция (Юнонистон)да ижтимоий иқтисодий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида қулдорлик бевосита ишлаб чиқарувчиларни эксплуатация қилишнинг асосий шаклларига айланган эди. Ишлаб чиқариш қулдорлик муносабатларига асосланиб олиб борилар, қул асосий ишлаб чиқарувчи куч ҳисобланар эди.

Бизгача етиб келган ёзма иқтисодий-адабий манбаларни ўрганилиши шуни кўрсатдики, кўпгина иқтисодий ғоялар, асосан, йирик аристократияга хизмат қилишга, кучли давлат барпо этишга қаратилганлиги билан ажралиб туради. Қадимги Грецияда дастлабки иқтисодий ғоялар Гомернинг илк иқтисодий ғоялар куртаги бўлган “Илиада” ва “Одиссея” поэмаларида баён этилган. Унда, асосан, натурал хўжалик концепцияси илгари сурилган. Юнон шоири Гесмаднинг “Меҳнат ва қонунлар” асарида бойликнинг кучи, ҳокимияти акс эттирилган. У деҳқончиликни улуғлайди, бу соҳада қуллар меҳнати ишлатилиши ҳам маъқул топилади. У даврларда оддий халқ орасида меҳнат анча қадрланган эди. Эрамиздан аввалги VII-VI асрларда полиной (шаҳар) тизими шаклланди.

Қулчилик кенг тус олади, уруғчилик мулки хусусий мулкчилик томонидан сиқиб чиқарилади, савдо, судхўрлик тез ривожланади. Ана шу босқичда Солоп (эр. ав. 640-559 йил) ва Писистрат (эр. ав. 560-527 йил ) ислоҳотлари пул хўжалигининг афзаллигини кўрсатиб берди. Улар ислоҳотда қулчиликнинг кенг тарқалишини чегаралаш, қулни қарзга беришни тугатиш масалаларини баён қилдилар. Бу даврда фуқаролар ва фуқаро бўлмаган аҳолини бир-бирига қарама-қарши қўядиган қонунлар қабул қилинди. Бу ишлар қулларни ҳунармандчилик ва савдо соҳаларида эксплуатация қилиш, савдо ва пул хўжалигини ривожлантириш ҳисобига амалга оширилди.

Қадимги иқтисодий таълимотларда грек олимлари Ксенофонт, Платон ва Аристотелларнинг ўрни ва роли, айниқса, аҳамиятлидир.

Ксенофонт (эр. ав. 430-335 йил) йирик қулдорлик синфи вакили, Афинанинг бадавлат асилзодаларидан ҳисобланади. У Афинада туғилган бўлса ҳам демократик Афина қулдорлиги тарафдори эмас, балки Спарта тузуми, яъни қаттиққўл қулдорлик тузуми тарафдори эди. Унинг биринчи иқтисодий асари “Экономия” (экономикос-уй қурилиши) бўлиб, мазмуни (ойкономия, “ойкос” – уй хўжалик ва “номос” – қонун, қоида) том маънода уй хўжалиги тўғрисидаги қоидани билдиради. Кейинчалик, бу асар қулдорлик хўжалигини бошқариш учун қўлланма бўлди. Унда хўжаликни унумли юритиш ғояси илгари сурилди, уй хўжалиги масаласи фан сифатида ўрганилди.

Ксенофонт

Ксенофонт уй хўжалигини унумли юритиш деганда, асосан, пул жамғаришни тушунади. У “Шундай яшаш керакки, доимо ортиқча маҳсулотинг бўлсин” дейди. Хўжалик фойдалигини эса у турли нарсаларни сотиш ва сотиб олиш билан боғлайди, жумладан, нонни, қулдорлик плантацияларини ва бошқаларни сотиб фойда кўришни қувватлади. Ксенофонтнинг қарашларида қулдорлик тузумида айирбошлаш муносабатларининг натурал шакли эволюцияси ўз аксини топди. Ксенофонт деҳқончилик ва ҳунармандчилик ҳақида гапириб, деҳқончиликни “энг асосий ҳунар” деб баҳолайди. “Озод инсонлар деҳқончиликда бошқариш билан шуғуллансин, оддий меҳнатни эса қул бажариши керак”, – дейди. У “Деҳқончилик инсонларни яқинлаштиради, биродарлаштиради” дейиш билан бирга, ҳунармандчиликнинг бошқа турларига нотўғри ёндашади. Унингча, бошқа ҳунарлар вақтни кўп олиб, инсонларни бир-биридан узоқлаштиради. Ксенофонт қуллар ҳақида, қулдорлар аристократияси вакили сифатида, қулларга “гапирувчи қурол” сифатида қарайди. Шу билан бирга, қулларни ишлатишда икки омил бирлигини таъминлашга даъват этди:

биринчиси – “қаттиқ жазолаш” бўлса;

иккинчичи – “яхши муомала қилиш”.

Мана шу усуллардан меҳнатнинг унумдорлигини орттириш учун ҳам фойдаланишга чақиради. Ксенофонт меҳнат тақсимоти ҳақида шундай ёзади: “Меҳнатни бошқаришда бошқарувчидан жуда катта эътибор талаб қилинади, чунки у ким яхши ишлаяпти, ким дангаса, буни билиши ва яхши ишлаганларни рағбатлантириши керак”. Шу билан у биринчилардан бўлиб жисмоний ва ақлий меҳнат ўртасидаги қарама-қаршиликларни тушунишга ҳаракат қилди. Меҳнат тақсимоти муносабати масаласида у ўз замондошларидан яна бир поғона юқорига кўтарилиб, кичик шаҳарларга нисбатан йирик шаҳарларда меҳнат тақсимоти мукаммалроқ бўлади, деб айтади. “Чунки,- дейди у, - катта шаҳарда ҳунарни мукаммал билмай, унинг бир қисмини бажариш билан ҳам яшаш мумкин”. Меҳнат тақсимоти инсонларни турли меҳнатларга ихтисослашишга олиб келади. Ксенофонт иқтисод фанида биринчилардан бўлиб моддий неъматлар икки томонлама истеъмол қилиниши, яъни истеъмол қиймати ва алмашув қиймати сифатида тушунишга ҳаракат қилади.

Товарнинг икки томони борми, дея биринчи савол қўйган ҳам у эди. Ҳақиқатда у биринчи бўлиб бу саволга жавоб берди. У нарсаларни инсонлар учун зарур ва зарарли гуруҳга бўлди. Бу фикрни моддийлаштириб у шундай ёзади: ердан, ҳайвонлардан ва пулдан кимки фойдалана олмаса, унинг учун булар қийматга эга эмас. Қиймат шундай нарсаки, ундан, албатта, инсонларга фойда келиши керак. Ксенофонт нарсаларда истеъмол қиймати тушунчасини ёритишга ҳаракат қилиб, яна олдинга бир қадам босди, алмашув қийматининг моҳиятини ёритишга ҳаракат қилди. У айтади: “Агар сенда мусиқа асбоби бўлса-ю, лекин сен уни чала олмасанг, қийматга эга эмас; агар сен уни сотиб юборсанг, у қийматга эга”. Бу билан биз Ксенофонтда биринчи бўлиб иқтисод фанида товарнинг икки томони, яъни уни истеъмол қиймати ва ўз қиймати борлиги ғоясини кўрамиз.

Ксенофонтнинг пул ҳақидаги таълимоти ҳам умумий иқтисодий қарашлари сингари зиддиятли, қарама-қаршиликлардан иборатдир. У умуман пулни тан олгиси келмайди, лекин шу вақтнинг ўзидаёқ олтин ва кумушни зеб-зийнат ҳамда бойлик орттириш манбайи деб қарайди. Унингча, пул вазифасини фақат кумуш бажара олади. У пулнинг ҳамма вазифаларини икки хил деб тан олди: пул, бу муомала воситаси ва хазина. Судхўрликни қаттиқ қоралаган ҳолда капитал сифатида пулдан фойдаланишни тавсия этади.

Ксенофонт иқтисодий таълимотини ўрганар эканмиз, шу нарсага эътибор бериш керакки, у натурал хўжалик тарафдори бўлса ҳам товар-пул муносабатларини ўрганишга ва қулдорлар синфига хизмат қилдиришга уринди.

Платон (эр. ав. 427-347 йил ) ҳам Афина шаҳрида туғилган йирик аристократия вакили эди. У буюк Суқротнинг шогирди эди. Унда биз тугалланган иқтисодий таълимотни топа олмасак ҳам давлат тузилиши тўғрисидаги жуда қизиқарли таълимотга эгамиз. У давлатнинг (ёки жамиятнинг) икки схемасини таклиф қилади ва уларни ўзида акс эттирган икки асар яратди. Булар “Давлат” ва “Қонунлар” деб аталади.

Унинг схемасида, биринчиси давлат қурилишининг идеал лойиҳаси (идеал давлат) бўлса, иккинчиси эса у яшаб турган даврдаги давлат акс эттирилган эди.

У идеал давлат ҳақида ёзиб, бу давлат меҳнат тақсимоти асосида тузилади, яъни инсонлар қобилиятига қараб, бири бошқарувчи, бири боғловчи, иш юритувчи ва яна бири эса деҳқон ва ҳунармандларга бўлинади дейди. Мана шунга асосан Платон давлатнинг озод аҳолисини уч гуруҳга бўлади:

  1. Файласуфлар.
  2. Жангчилар.
  3. Ҳунармандлар, деҳқонлар, савдогарлар.

Файласуфлар давлатни бошқарадилар, жангчилар эса давлатни ҳимоя қиладилар, учинчи гуруҳдагилар хўжалик фаолияти билан шуғулланадилар. Биринчи ва иккинчи гуруҳ вакиллари хусусий мулкка эга бўлмасликлари керак. Уларнинг истеъмоли давлат томонидан тўла таъминланади. Учинчи гуруҳ вакиллари эса хусусий мулкка эга бўладилар. У қулларни ҳеч қайси гуруҳга киритмайди, Уларга қурол сифатида қарайди. Бу идеал давлат тўғрисида таълимотга, асосан, йирик аристократик қулдорликни ҳимоя қилиб ёзилган асар эди.

Платон иккинчи давлат тўғрисида қуйидагича ёзади.

Бу давлатда асосий эътибор деҳқончиликка қаратилган бўлсада, қолган ҳунарларга ҳам эътибор берилади. Бу давлатда қонун йўли билан инсонлар мол-мулкига қараб 4 гуруҳга бўлинади; агар кимда ким бойиб кетса, ёки камбағаллашса, бир тоифадан бошқасига ўтади. Лекин бу ерда Платон яна бир қадам олдинга ўтиб, қонунлар инсонларни ўта бойиб кетишига ҳам, жуда камбағаллашиб кетишига ҳам йўл қўймаслиги керак деб маълум мезон белгилайди. Камбағалликнинг қуйи нуқтаси аниқланиб, инсонларни ҳимоялашга чақиради. Бойиб кетишнинг ҳам олди олиниб, энг юқори мезон ўлчаниб, уни тўртга кўпайтириб, шундан ортиб кетмаслиги керак дейилади. Буларни ким бузса, қонун йўли билан давлат жазолаши керак. Бу иккала давлат схемасида ҳам Платон меҳнат тақсимотини асос қилиб олади. Бу – ўша давр учун буюк фикр эди. Платон савдо ва пул ҳақида, турли ҳунарлар тўғрисида мулоҳаза юритиб, асосий ўринга деҳқончиликни қўяди.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан