Қорақалпоғистонда ИИВ ходими пора олаётганида қўлга тушди

Қорақалпоғистонда ИИВ ходими пора олаётганида қўлга тушди

Қорақалпоғистонда Ички ишлар вазирлиги ходими ва яна икки шахс фирибгарлик йўли билан пора олаётганида қўлга тушди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистонда олиб бораётган тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиб, маҳсулотини ЙПХ масканлари орқали Хоразм вилояти ҳудудига ўтказишга рухсат бериш эвазига бир гуруҳ шахслар томонидан пул талаб қилинаётгани ҳақида фуқародан ариза келиб тушган.

Мурожаатга асосан 2—3 ноябрь кунлари Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида тадбир ўтказилган.

Тадбирда дастлаб фуқаро К.У. тадбиркордан 50 та юк машинаси учун 3,5 миллион сўмдан жами 175 миллион сўм пулни пора сифатида олаётганида жиноят устида қўлга тушган.

Суриштирувда К.У. қўлга киритилган пул маблағларини шериги А.Х.га олиб бориб бериши кераклигини, у эса ушбу пулларни Қорақалпоғистон ИИВ ходимларига бериши лозимлигини маълум қилган. Шунга кўра, шериги А.Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

Тадбирнинг кейинги қисмида фуқаро К.У. 50 та юк машинасидан фақат 10 тасини ЙПХ масканидан ўтказиш учун 35 миллион сўмни олаётганида қўлга олинган. У ҳам тадбирни давом эттиришга рози бўлиб, ариза билан мурожаат қилган.

Келишувга асосан «Шадли аул» ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ходими Р.Э. тонг отгунча оз вақт қолгани учун фақат 3 та маҳсулот юкланган транспорт воситасини ўтказишини билдирган. ИИВ ходими Р.Э. фуқаро А.Х.дан пулларни олаётганида жиноят устида ушланган.

Хабарда айтилишича, юқоридаги шахсларга нисбатан Хоразм вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми ва 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.