Қорақалпоғистонда мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони ортган

Қорақалпоғистонда мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони ортган

Бу ҳақида 2021 йил 18 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўшма мажлисида маълумот берилди.

Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида коррупцион ва мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2020 йилда 90 тани ташкил этган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг атиги 5 ойи давомида 97 тани ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 2 баробарга ошган.

Қайд этиш жоизки, 2020 йилда (2021 йилнинг 5 ойи давомида) Қорақалпоғистон Республикасидаги 54 (92) нафар турли даражадаги мансабдор шахс, 17 (20) нафар соҳа ходими, 31 (13) нафар фуқаро коррупция билан боғлиқ турли жиноятларни содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Мажлисда идоралар фаолиятининг молиявий натижаларини очиб берадиган, коррупцияга қарши чораларни ошкор этишни таъминлайдиган механизмларни жорий этиш бўйича ички назорат ва ички аудитни йўлга қўйишни таъминлаш, давлат органлари ходимлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш каби таъсирчан чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.