Қорақалпоғистонда ноёб ўсимлик хитойликлар томонидан ноқонуний терилаётганига изоҳ берилди

Қорақалпоғистонда ноёб ўсимлик хитойликлар томонидан ноқонуний терилаётганига изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Қорақалпоғистонда Қизил китобга киритилган шўравор цистанхе ўсимлиги хитойликлар томонидан ноқонуний терилмоқда» номли хабар тарқалган эди. Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг матбуот хизмати ҳолат бўйича расмий маълумот берди.

Унга кўра, жорий йил 26 апрель куни ушбу мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Экология назорат қилиш инспекцияси томонидан Тўрткўл туманида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар натижасида, Тўрткўл туман “Анҳорли” МФЙдаги Боғёп канали ишчиси, Хитой Халқ Республикаси фуқароси Жаннинг канални қазиш ишларини олиб бориши давомида канал бўйидан тахминан 1-2 кг. цистанхе ўсимлигини топиб олиб, қуритиб қўйгани маълум бўлди.

Суриштирув натижасида цистанхе ўсимлиги илдизларини чойга, овқатга солиш мақсадида олганлиги аниқланган. Хитой Халқ Республикаси фуқаросига Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтирилган ва бу ҳолат қайта такрорланмаслиги учун Жаннингдан тушунтириш хати олиниб, ёзма огоҳлантириш берилган.