Қорақалпоғистонда Шихи Жалил зиёратгоҳида 19 ёшли йигит тепаликдан тушиб кетди.(видео) 4 кун аввал бир қиз ҳам жароҳатланган

Қорақалпоғистонда Шихи Жалил зиёратгоҳида 19 ёшли йигит тепаликдан тушиб кетди.(видео) 4 кун аввал бир қиз ҳам жароҳатланган

Ижтимоий тармоқларда «Қорақалпоғистонда Шихи Жалил зиёратгоҳида бир фуқаро тепаликдан пастга йиқилди» сарлавҳаси билан видео тарқалди. 

"Xalq so'zi" нашри мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ўтказди. Аниқланишича, ушбу ҳолат 2021 йилнинг 11 апрель куни содир бўлган. 

— Ҳақиқатан ҳам 11 апрель куни соат 13:10 да ўша зиёратгоҳ ҳудудига чақурув бўлган, — дейди тез-тиббий ёрдам диспетчери Ғуломжон Боботаев. — Тиббий ёрдам бригадаси 13:45 да етиб борган ва бемор, яъни тоғдан йиқилиб тушган 2002 йилда туғилган В.И.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Йигит Хоразм вилоятидан ташриф буюрган зиёратчи бўлган ва тиббий кўрик пайтида шифокор билан гаплашган. Шифохонага бормаслигини ва ҳамроҳлари билан биргаликда кетишини, ўзларининг ҳудудий шифохонасига кетишини айтган. 

Афсуски, ушбу ҳудудга келган айрим зиёратчиларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида ана шундай ҳолатлар ҳам юз бериб турибди, дейди «Шайх Жалил бобо» зиёратгоҳи масъул ходими Махсутбой Якубов. — Кечаги ҳолат биз қуръон тиловат қиладиган ҳудуддан сал олисроқда содир бўлганлиги туфайли биз кейинроқ хабар топдик. Гувоҳларнинг айтишича, ўша ҳолат юз берган ҳудудда бир неча ёш йигит тош устига чиқиб ва ундан сакраган ҳолатларини қўл телефонларига суратга олиб турган бўлган. Йиқилган йигит ҳам ана шундай ҳаракатлари ва эҳтиётсизлик оқибатида йиқилган бўлиши ҳам мумкин. Шу ўринда ушбу ҳудуднинг масъул ходими сифатида зиёратга ташриф буюрувчилар ва уларга раҳбарлик қилиб келувчиларга: бу жой турли хил қилиқлар кўрсатиб, селфига тушадиган манзил эмаслигини уқтириб қўймоқчи эдим. Бу зиёратгоҳ! Унга келиб кетишда тартиб қоидаларга амал қилсалар ва тоғга чиқиш ва тушишда хавфсизлик қоидаларига амал қилсалар, бу каби хуник ҳолатларнинг олдини олган бўлар эдик.

Маълумот учун, бундан 4 кун олдин ҳам бир ёш қиз шу тоғга чиқиш ва тушишда эҳтиётсизлиги оқибатида жароҳат олган. Уни зиёратгоҳ масъули Амударё тумани шифохонасига олиб борган ва унга ҳам тиббий ёрдам кўрсатилган.