Қозоғистонда COVID-19 ва пневмония статистикаси бирлаштирилади

Қозоғистонда COVID-19 ва пневмония статистикаси бирлаштирилади

Қозоғистонда пневмония билан оғриган беморлар коронавирус инфекцияси статистикасига киритилади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Коронавирус ва пневмония бўйича маълумотларнинг максимал даражада ошкоралигини таъминлаш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикани рўйхатдан ўтказиш ва ахборотлаштиришнинг янги усулларини ишлаб чиқди.

ЖССТнинг Европа бюроси томонидан ўтказилган техник маслаҳатлашувни ҳисобга олган ҳолда, коронавирус ҳолатларини кодлаш ва рўйхатга олишда касалликларнинг халқаро даражадаги янги кодексига ўтишга қарор қилдик», - деди ҚР Соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой.

Унинг айтишича, лабораторияда ПЦР-тест синовида коронавирус аниқланмаган, аммо клиник ва эпидемиологик симптомлари COVID-19 инфекциясига ўхшаш бўлган пневмония билан касалланиш ҳолатлари эндиликда COVID-19 умумий статистикаси билан бирлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, кеча Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ҳукуматга пандемия статистикасини бирлаштиришни буюрган эди. Янги статистика форматига жорий йил 1 августидан ўтилади.