Қозоғистонда ҳашамат учун солиқ жорий этиш таклиф қилинди

Қозоғистонда ҳашамат учун солиқ жорий этиш таклиф қилинди

Қозоғистон Сенати депутати Марат Бахтиёрўғли ялпи мажлисда ҳашамат учун солиқ жорий этиш таклифи билан чиқди, деб хабар бермоқда Zakon.kz.

Сенаторнинг фикрига кўра, бой қозоғистонликлар халқ олдида ижтимоий масъулиятни ўз зиммаларига олишлари ва ўзларининг бойликларини мамлакат ривожига йўналтиришлари керак. 

«Бугунги кунда ҳашамат учун махсус солиқни жорий этиш жуда долзарб масаладир. 30 йиллик мустақиллик даврида биз мамлакатда бой ва камбағал аҳоли гуруҳлари ўртасидаги фарқ сезиларли даражада ошганига гувоҳ бўлдик. Бу ерда гап қимматбаҳо товарларга, масалан, яхта, самолёт, ҳашаматли кўчмас мулк, қимматбаҳо машина ва заргарлик буюмларига солиқ солиш тўғрисида кетмоқда. Менимча, ҳашамат учун солиқ жорий этиш Қозоғистонда адолатли солиқ солиш тизимини яратиши мумкин. Шу муносабат билан савол туғилади: бу масала бўйича сизнинг позициянгизни билмоқчиман, келажакда ҳашамат учун солиқ миқдорини оширишни режалаштиряпсизми?» – дея Миллий иқтисодиёт вазирига савол билан мурожаат қилган сенатор. 

Саволга жавоб берар экан, Миллий иқтисодиёт вазири Руслан Даленов идора ҳашамат учун солиқ масаласини кўриб чиққани, уни жорий этиш режалари мавжудлигини таъкидлади. 

«Солиқ солишда ҳозир адолатли принциплар кўзда тутилган ва ҳашамат учун солиқ энг самарали усуллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда шахсий даромад солиғи ставкаси 10 фоизни ташкил этади. Яъни, кам даромадли кишилар учун паст солиқ ставкалари қўлланилади. Бу ерда транспорт, мол-мулк солиғи учун дифференциал усул қўлланилади, катта фарқ мавжуд. Агар мулкнинг қиймати юқори бўлса, унда табиий равишда (солиқ) катта бўлади. Транспорт учун солиқда ҳам шундай фарқ бор, у 8000 минг тенгедан 600 минг тенгегача. Шунингдек, алкоголь, тамаки, акцизлардан қўшимча солиқлар олинади», – дея тушунтирди вазир.