Қозоғистонда карантин режими юмшатилмоқда

Қозоғистонда карантин режими юмшатилмоқда

Қозоғистонда эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда карантин режимини ўзгартириш ва босқичма-босқич юмшатиш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин Ҳукумат йиғилишида маълум қилди.

«20 апрелдан бошлаб Нур-Султан ва Алмати шаҳарларида карантин режими енгиллаштирилди. Иқтисодиётнинг бир қатор соҳаларидаги корхоналар санитария меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда ишлай бошладилар. Шу жумладан, қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар. Эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда карантин режимини ўзгартириш ва босқичма-босқич юмшатиш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинади. Бошқа корхоналар ва бизнес субъектларига ишлашни давом эттиришга рухсат берилади» - деди Бош вазир Ҳукуматнинг онлайн йиғилишида. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат комиссияси аввалроқ Нур-Султан ва Алматида иш бошлайдиган тадбиркорлик субектлари рўйхатини тасдиқлаганди. 

Ушбу рўйхатга саноат корхоналари, қурилиш ва йўл қурилиши компаниялари, йирик қурилиш дўконлари, транспорт, омборхона компаниялари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи компаниялар, хизмат кўрсатиш станциялари, автомашиналарни ювиш, шиналарни алмаштириш хизматлари, автоулов эҳтиёт қисмлари дўконлари, кимёвий тозалаш шаҳобчалари, офис ускуналарини таъмирлаш ва иккинчи даражали банклар киради.