Қозоғистонга борувчи фуқаролар учун муҳим маълумот эълон қилинди

Қозоғистонга борувчи фуқаролар учун муҳим маълумот эълон қилинди

2021 йил 12 майдан бошлаб, Нур-Султон ва Олмаота аэропортларидаги барча йўловчилар учун «АШЙҚ» лойиҳаси синов режимда амалга жорий этилади.

Йўловчилар аэропорт терминали биносига саёҳатни давом эттириш учун «АШЙҚ» мобил иловасидаги ҚР-кодини сканерлаш ва Қозоғистон Республикаси фуқароларининг ИИН-коди бўйича ҳамда чет эл фуқароларининг паспорт рақами орқали ҳолати текширилгандан сўнггина киришга рухсат этилади.

Йўловчиларга қуйидаги статус ҳолатларида терминалларга кириш рухсат этилади:

- «яшил» статус ҳолати - COVID-19 учун салбий ПЗР натижа билан;

- «кўк» статус ҳолати - ПЗР натижаси йўқ бўлганда;

Йўловчиларга қуйидаги статус ҳолатларида терминалларга кириш рухсат этилмайди:

- «сариқ» статус ҳолати – маълумотлар базасида COVID-19 билан касалланган бемор билан алоқа сифатида кўрсатилганда;

- «қизил» статус ҳолати, COVID-19 учун ижобий натижа, «инфекция юқтирган» статусга эга йўловчилар.

«Ушбу муносабат билан, йўловчилардан «АШЙҚ» мобил иловасини олдиндан ўрнатишларини ва ўз вақтида рўйхатдан ўтиб, кечиктирмасдан учиб кетиш учун юқоридаги аеропортларга олдиндан эртароқ етиб келишларини сўраймиз», дейилади Uzbekistan Airways хабарида.