Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Қурбонлик ҳукмлари
11.09.2016 14:14,  
212

Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган неъматлари чексиз ва беҳисобдир. Мазкур беадад неъматлардан бири эса ўз бандаларига савоб захираларини бойитиб олишлари учун тақдим этган ўзига хос эзгулик ва яхшилик мавсумларидир. Ҳақ таоло Ўзининг илми азалийсида инсон зотининг заифлиги, гуноҳлар чангалига тушиб қолишга мойиллигини билган, уларга гуноҳлари ўчирилиб, ажру савобларининг қат-қат орттириб берилишига сабаб бўладиган махсус мавсумлар инъом этди. Ана шундай эзгулик мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ҳамда унда амалга ошириладиган қурбонлик амалидир. Қурбон ҳайити маъносини берувчи “ийду-л-азҳо” сўзи бежизга бундай номланмаган. Зеро, ҳаж амалларининг асоси бажариладиган бу кунлардаги энг асосий иш Аллоҳ таоло учун шукрона тарзида жонлиқ сўймоқдир. Шунинг учун ҳам бу байрам бизнинг тилда “қурбон ҳайити” деб аталади.

         Аллоҳ таоло розилиги учун ва Унинг беҳисоб неъматларига шукроналик ҳиссининг рамзи ўлароқ қон чиқариш динимиз Ислом таълимотида буюк амаллардан саналади. Бу – қалбдаги тақводан, иймон нуридан далолатдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Унинг (қурбонликнинг) на гўшти ва на қони Аллоҳга етиб борур! Балки, (шу иш орқали) сизлардан пайдо бўлган тақвогина Унга етур» (Ҳаж сураси, 37-оят). Шунингдек, қурбонлик Аллоҳнинг шиорларини, У жорий этган диний маросимларни улуғлаш, ҳурматлаш демакдир. «(Иш) шудир! Кимки Аллоҳнинг маросимларини улуғлар (ҳурматлар) экан, бас, албатта бу (ҳурмат) қалблардаги тақво туфайлидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят). 

         Аллоҳ таоло учун жонлиқ сўйиш ниҳоятда фазилатли ва савобли амаллардан эканлигига қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади. Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Одам боласи Наҳр кунида қон чиқаришдан ҳам кўра Аллоҳга маҳбуброқ бўлган бирон амални қилмайди. (Аллоҳ таоло учун сўйилган) жонлиқ қиёмат кунида шохлари, юнглари ва туёқлари билан келади. Қасамки, унинг қони ҳали ерга тўкилмасдан бурун Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомга тушади (яъни ҳали унинг қони ерга тушмасдан бу амалнинг савоби Аллоҳ ҳузурида юксак ўринга ёзиб қўйилади, валлоҳу аълам). Бас, қилаётган қурбонлигингиз билан шодланинг. Димоғингиз чоғ бўлсин!» (Термизий ривояти).

         Қурбонлик қилиш Иброҳим алайҳиссалом суннатларини тирилтириш ҳамдир. Тарихдан ва Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан маълумки, Аллоҳ таоло Ўзининг халили бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломдан ўғли Исмоилни қурбонлик қилишни талаб қилади. Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломлар Аллоҳнинг иродасига буткул бўйсуниб, Унинг буйруғини амалга оширишга киришган пайтларида Аллоҳ таоло Иброҳимни тўхтатиб, Исмоилнинг ўрнига жаннатдан туширилган бир қўйни қурбон қилишга буюради. Аллоҳ таоло ўзининг азалий илмида Иброҳим ва Исмоилларнинг нечоғли буюк иймон соҳиби эканликларини биларди, аммо, Ўзининг чексиз ҳикматига мувофиқ, уларнинг иймон ва исломларини ташқи оламда ҳам зоҳир қилишни хоҳлади. Ота-бола пайғамбарлар ўзларининг мислсиз итоатларини кўрсатишгач, Аллоҳ таоло уларни мукофотлади. Уларни қиёматга қадар улуғланадиган, тилларда достон бўладиган буюк зотлардан қилди.

         Юқоридаги фазилатлардан ташқари қурбонлик қилишда кишининг ўзи ва оила аъзоларига байрам кунида кенгчилик яратиш, ночор мусулмонлар орасида раҳм шафқат ва муҳаббат уруғларини экиш, қалбларга сурур ва шодлик олиб кириш каби бир қатор эзгу ишлар мужассамдир.   

         “Қурбонлик” арабча “узҳийя” сўзининг ўзбекча варианти ҳисобланади. “Узҳийя”нинг луғавий маъноси ҳақида “у – қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг номи”, дея таъриф берганлар. Қурбонликнинг шаръий моҳияти ҳақида эса уламолар бир-бирига яқин маънода кўплаб таърифлар берганлар. Жумладан, фиқҳий китобларда “(Қурбонлик) махсус жониворни махсус вақтда сўймоқ, у вақт эса азҳо кунидир” (“ал-ъиноя шарҳу-л-ҳидоя”: 9/505), “(қурбонлик) шаръан: махсус ҳайвонни махсус вақтда қурбат нияти билан сўймоқдир” (Ҳаскафий: “ад-дурр ал-мухтор”), деган таърифлар келади.

         Ҳанафий мазҳабига кўра моли нисобга етган, муқим (яъни сафарда бўлмаган), мусулмон одам учун қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва У киши орқали бутун мусулмон умматини шу ишга буюрган: “Бас, Раббинг учун намоз ўқи ва жонлиқ сўй!” (Кавсар сураси, 2-оят). Машҳур тобеинлардан Қатода, Ато ва Икрима раҳматуллоҳи алайҳимлар оятдаги “намоз ўқи” иборасини “ҳайит намозини ўқи” дея изоҳлаганлар. Шунга кўра, ҳожилар ва бошқа қурбонлик қилувчилар ҳайит намози ўталгандан сўнг жонлиқларини сўядилар. Ҳадиси шарифлардан эса Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далилдир. “Кимки, имкони бўлатуриб қурбонлик қилмаса, бас, бизнинг намозгоҳимизга яқинлашмасин” (Имом Аҳмад, Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари). 

         Қурбонлик учун чорва ҳайвонлари сўйилади. Улар: туя, сигир ва қўйдир. Бунда уларнинг эркак ва урғочи жинслари тушунилади. Қўй деганда эчкилар ҳам назарда тутилади. Демак, туя, сигир, қўй ва эчкилар қурбонликка яроқли ҳайвонлар ҳисобланади. Шунингдек, буқаларнинг буйвол деб аталувчи айрим турлари ҳам қурбонлик қилиниши жоиз.

         Қурбонлик қилинувчи ҳайвоннинг шаръан эътиборли бўлган ёшга кирган бўлиши шартдир. Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Фақат мусиннани сўйинглар. Илло, агар бу иш сизларга қийин келса, қўйдан жазаъ бўлганини сўйсангиз ҳам бўлаверади» (Муслим ривоятлари).  «Мусинна» деб туя, мол, қўй ва эчкилардан «саний» ёшига тўлганларига айтилади.

     Юқоридаги ҳадисга биноан, туя, сигир ва эчкидан фақат «саний» ва ундан юқори ёшда бўлганларигина қурбонликка яроқли ҳисобланади. Қўйдан эса «жазаъ» ва ундан юқориси қурбонликка ўтади. Демак, туянинг «саний»си деб туғилганига беш йил тўлгани айтилади. Сигир ва буқанинг «саний»си эса туғилганига икки йил тўлгани бўлади. Қўй ва эчки эса бир йилда «саний» бўлади. Қўйдан «жазаъ» бўлгани туғилганига олти ой тўлиб, еттинчи ой кетганидир. Шунга кўра, туя (қамарий йил бўйича) беш ёшга кирган бўлиши, сигир ва буқалар икки ёшга тўлган бўлиши, қўй эса камида олти ойлик бўлган бўлиши талаб этилади.

         Жонлиқ қурбонликнинг дуруст бўлишига монеълик қилувчи айблардан саломат бўлиши керак. Модомики, қурбонлик Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш мақсадида амалга ошириладиган иш деб эътибор қилинар экан, бу иш учун энг яхши, энг сара, семиз, соғлом ва айбу нуқсонлардан холи бўлган жониворни танлаб олиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, қурбонлик учун сўйиладиган жонивор албатта ҳалолу покиза молдан бўлиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло хуш ва покизадир, фақат хуш ва покиза нарсаларнигина қабул қилгай. 
    Баро ибн Озиб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Тўрт хил жонивор қурбонликка ярамайди:

1. Шапкўрлиги билиниб турган даражадаги шапкўр жонивор.

2. Касаллиги билиниб турадиган даражадаги касал жонивор.

3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражадаги оқсоқ жонивор.

4. Оёқда туролмайдиган даражадаги беҳол-мадорсиз жонивор» (Сунан соҳиблари ривоят қилишган). Ҳадисдаги охирги жумла маъно эътиборига кўра таржима қилинган бўлиб, аслида “суякларида илик битмаган озғин жонивор” маъносига далолат қиладиган сўз ишлатилган. Демак, шунчаки, озғин эмас балки оёқ суякларида илиги бўлмаган даражада озиб кетган жониворни қурбонлик қилиб бўлмайди. Бундай жонивор ниҳоятда мадорсиз бўлади.

Юқоридаги ҳадис қурбонликка путур етказувчи айб-нуқсонларни билишда асос кабидир. Юқоридаги ҳадисга биноан ва қиёсан уламолар қуйидаги сифатга эга бўлган жониворларнинг қурбонликка ярамаслигини айтадилар.

 

1. Шапкўр жонивор.

2. Кўзи кўр жонивор.

3. Оқсоқлиги билиниб турадиган даражада оқсоқ жонивор.

4. Бир оёғи кесилган жонивор.

5. Касаллиги кўриниб турган касал жонивор. 

6. Оёқда туролмайдиган даражада қилтомоқ бўлиб қолган, мажолсиз жонивор.

7. Қулоғининг ҳаммаси ёки бир қисми кесилган жонивор.

8. Шоҳи кесиб ёки суғуриб олинган жонивор. Аммо ўзи шоҳсиз туғилган бўлса, қурбонликка ярайди.

9. Бурни кесиб олинган жонивор.

10. Думи кесиб ташланган жонивор. Аммо ўзи думсиз яратилган бўлса, уни қурбонлик қилиш жоиз, гарчи айрим уламолар буни ножоиз санаган бўлсалар ҳам.

11. Думбаси кесиб олинган жонивор.

 

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қурбонликка сўйиладиган жонивор ўзига озор етказадиган, семириб ёғ бойлашига монеълик қиладиган ва баҳосини туширадиган барча айб-нуқсон ва касалликлардан холи бўлиши керак. Салафи солиҳлардан нақл қилинганки, улар қурбонликка сўйиладиган жониворнинг ҳар қандай каттаю-кичик айблардан холи бўлганини танлар эдилар. Агар жониворда биронта арзимас айб топилса ҳам, уни қурбонлик қилишни кариҳ кўрардилар.

         Қурбонлик сўйишнинг биринчи вақти ҳайит намози билан хутба ўқилгандан сўнг бошланади ва ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботганда тугайди. Бошқачароқ ибора билан айтилса, қурбонлик уч кун давомида сўйилади: қурбон ҳайити куни ва унинг кейинидан келувчи ташриқ кунларининг илк икки кунида. Бироқ энг афзали қурбонликнинг ҳайит намози ўқиб бўлиниши билан амалга оширилишидир. Ҳайит намозидан аввал ёки қурбонликнинг охирги вақтидан кейин сўйилган жонлиқ шаръий қурбонликка ўтмайди. Бунга юқорида айтиб ўтилган мана бу ҳадис далолат қилади. Баро разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни ҳайит намозидан сўнг бизларга ваъз қила туриб шундай дедилар: «Бугунги кунимизда биринчи бўлиб қиладиган амалимиз(ҳайит) намозни ўқишимиз, сўнгра (уйга) қайтиб жонлиқ сўйишимиздир. Кимки шундай қилса, унинг иши суннатга мувофиқ келибди. Кимки намоздан аввал сўйган бўлса, у бор-йўғи оиласига тақдим қилган гўштдир, холос. Бу куннинг маросимидан (яъни қурбонликдан) эмас». 

Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) наздида қурбонлик вақти ҳайит намози ўқилмайдиган чекка ва қишлоқ жойлар аҳолиси учун қуёш чиққандан кейин киради. (Яъни, улар бомдоддан сўнг бир муддат ўтиб, қуёш чиққандан кейин сўяверсалар бўлади). Аммо, ҳайит намози ўқиладиган шаҳар жойларда эса ҳайит намози ва хутбаси ўқилгандан кейингина қурбонлик вақти киради. Унгача сўйилган жонлиқ қурбонликка ўтмайди. 

Туя ва сигирни қурбонлик қилишда етти киши иштирок этиши жоиз. Яъни, масалан, етти киши тенг пул ташлаб туя ёки сигир сотиб олишади ва уни ўз номларидан сўйишади. Шунда ҳаммалари қурбонлик қилган бўладилар.  Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят: «Биз Ҳудайбия йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда қурбонлик қилдик. Шунда туяни етти кишидан, сигирни ҳам етти кишидан қурбонлик қилдик» (Имом Муслим ривояти). Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажжатул-вадодаги қурбонликда сигирга етти кишини шерик қилиб сўйдирдилар» (Имом Аҳмад ривояти). Аммо қўй ва эчкиларда эса шерикчилик мумкин эмас. Битта қўйни фақат бир киши сўйиши мумкин.

Инсон ўзи амалга оширган қурбонлигидан ейиши жоиз. Ҳанафий (шунингдек ҳанбалий) мазҳаби уламоларнинг сўзларига кўра, қурбонликнинг гўшти уч қисмга бўлинади. Учдан биридан унинг соҳиби ейди, яна учдан бирини фақир-мискинларга садақа сифатида улашади, қолган учдан бирини эса қариндош-уруғ, ёр-биродарларга ҳадя қилади. Бироқ, агар қурбонлик эгаси қурбонликнинг учдан биридан кўпроқ миқдорда истеъмол қилса, бу ҳам жоиздир. Агар қурбонлик қилувчи одамнинг болачақаси кўп, ўзи эса қўли калтароқ бўлса, оила аъзоларига кенгчилик юзасидан уни садақа қилмаслик, балки уйида қолдириш афзал ҳисобланади.

Қурбонлик тоат бўлганлиги учун уни инсоннинг ўзи сўймоғи афзал ҳисобланади. Лекин, бу иш қўлидан келмаса, бировни ўзидан вакил қилиб, сўйдириши мумкин. Бу ҳолатда ҳеч бўлмаганда ўша қурбонлиги сўйилаётган маҳалда унинг тепасида туриб, гувоҳ бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таоло қурбонликларингизни Ўз ҳузурида ҳусни қабул этсин, байрамларингиз муборак бўлсин!

Муаллиф: Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан