Қурилган объектлар қулаб тушмаса/портламаса қонуний қурилиш ҳисобланадию, лекин бирор бахтсиз ҳодиса юз берса, ноқонуний бўлган деб ҳисобланадими? — депутат

Қурилган объектлар қулаб тушмаса/портламаса қонуний қурилиш ҳисобланадию, лекин бирор бахтсиз ҳодиса юз берса, ноқонуний бўлган деб ҳисобланадими? — депутат

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Жиззах ва Бухоро шаҳарларида қурилиши тугалланган бинолар билан боғлиқ охирги воқеалар ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Қурилиш вазирлигига кўра, Жиззах ва Бухоро шаҳарларида қурилиши тугалланмасдан қулаб тушган/портлаган кўп қаватли тураржой объектларини қурилиши аслида ноқонуний бўлган экан. Лекин ҳайратланарли томони шундаки, бу объектлар қурилиши ноқонунийлиги айнан бахтсиз ҳодисадан сўнг аниқланган ёки жамоатчиликка ошкор қилинган. Бу ҳолатда одамда беихтиёр бир нечта саволлар пайдо бўлади

Қизиғи мамлакат бўйлаб қурилиши ноқонуний ёки шаҳарсозлик нормаларига зид бўлган шундай объектлардан яна қанча бор экан? Объект қурилиши ноқонуний эканлигини билиш ёки бундай ноқонуний қурилишларни тўхтатиш учун уларнинг ҳар бирида қандайдир бахтсиз ҳодиса бўлишини кутиш керакми?

Ёки билса ҳазил, билмаса чин дегандек, агар қурилган объектлар қулаб тушмаса/портламаса қонуний қурилиш ҳисобланадию, лекин бордию бирор бахтсиз ҳодиса юз берса, қурувчи барчасига жавобгар топилиб, қурилиш эса ноқонуний бўлган ҳисобланадими?

Агар қулаб тушмаганда, бу объект тақдири нима бўлар эди? Катта эҳтимол билан қурилиш тугаллангандан сўнг масъул мутасаддилар ёрдамида ҳужжатлар қонунийлаштирилардими?

Наҳотки мана шу каби ноқонуний қурилиш объектлари баланд бўлиб қад кўтаргунича бирорта ҳам масъул мутасаддилар кўрмай қолишса? Аслида қурилиш вазирлигининг ҳудудлардаги бўлимлари ва бошқа айрим маҳаллий раҳбарлар бу каби объектлар қурилишидан жуда яхши хабардор, манфаатдор эмасми?

Давлатимиз раҳбари ҳам таъкидлаганларидек, бугун қурилиш соҳаси коррупция энг кўп урчиган соҳаларидан биридир. Лекин кимларнингдир нафси, чўнтаги учун истеъмолчи моддий, жисмоний, руҳий зарар кўриши тўғрими? Агар ана ўша объектлар яна бир неча ой ўтиб қулаганида, бир неча ўнлаб инсонлар ҳаётига хавф солиши ҳам мумкин эди-ку. Масъул идораларнинг бу каби ҳолатларга бўлган муносабати эса худди нўноқ спортчининг ўйин майдонидан четлатилишига ўхшайди. Яхши ўйин умидида майдонга киритилади, эплолмаса, бизники эмас эди (ноқонунийлигини биз билгандик, биз кутгандик), деб жар солишади.

Аслида қурилиш вазирлиги масъулларининг ноқонуний қурилишларни тўхтатиш, соҳадаги коррупцияга қарши курашиш бўйича нияти жиддий бўлса, бунинг ечими жуда ҳам осон. Вазирлик ўзининг расмий веб-саҳифасида ёки ижтимоий тармоқларда ҳар бир ҳудуд бўйича ноқонуний ёки шаҳарсозлик нормаларига зид равишда олиб борилаётган қурилиш объектлари тўғрисида маълумотларни (манзили, суратлари, қурилиш фирмасини номи каби) эълон қилиб борса, кифоя. Қолганини қалами ўткир блогерларнинг ўзи қойиллатишади (давлат харидлари мавзуси каби).

Қолаверса, бўлиб ўтган воқеалар фонида ноқонуний қурилиш бу сифатсиз, ишончсиз, хавфли уй ёки бино-иншоот эканлигини англаб бораётган фуқаролар ҳам бу каби маълумотлардан хабар топгач, ноқонуний объектларни харид қилишдан ёки уларга сармоя киритишдан тийилишади. Ўз-ўзидан бозор иқтисодиётининг «кўринмас қўли» барча қурувчи ва тадбиркорларни қонуний ишлашга мажбур қиларди.

Бунга эса чинакам хоҳиш ва жиндай ирода бўлса бас.

P.S. Бу гапларни ёзишдан мақсад кимнидир айблаш ёки қайсидир вазирни обрўсизлантириш эмас, шунчаки атрофимизда бўлаётган воқеаларга шу жамият аъзоси сифатида билдирилган муносабат. Зеро, бўлаётган воқеаларга реал ёндашиш, хатоларни тан олиш, янада самаралироқ фаолият юритишга интилиш, халқ манфаатларини энг юқорига қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиз бўлиши лозим" деб ёзади депутат.