Расман: Makro супермаркети «Самарқанд дарвоза»дан чиқариб юборилди

Расман: Makro супермаркети «Самарқанд дарвоза»дан чиқариб юборилди

Тошкент иқтисодий суди Makro супермаркети даъволарини қондирмади. Компания «Самарқанд дарвоза»даги биноларни тўлиқ бўшатди, белгилар олиб ташланди.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди Makro’нинг талабларини қондирмаслик юзасидан ҳал қилув қарорини чиқарди. Бу ҳақда Kun.uz'га суд вакили маълум қилди.

Гап нимада?

Kun.uz февраль ойида Makro супермаркетининг «Самарқанд дарвоза»дан чиқариб юборилишига оид воқеалар юзасидан суриштирув эълон қилган эди. Унда томонлар ўртасидаги келишмовчиликка Тошкентдаги йирик савдо-кўнгилочар «Самарқанд дарвоза» ва Compass марказлари маъмури – «Ўзбек-Ўмон инвестиция компанияси» МЧЖ ўз биноларида ижара ҳуқуқи асосида фаолият юритаётган Makro супермаркетлари билан тузилган шартномани бекор қилмай, ушбу нуқталарда бошқа компаниялар билан иш бошлашини маълум қилгани сабаб бўлган.

Воқеалар нимадан бошланди?

7 январ куни «Мажид Aл Футтаим» ва «УзОман» стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳақида расмий хабар тарқатилди.

Хабарда «Мажид Aл Футтаим» март-апрель ойларида Тошкентда иккита янги Carrefour гипермаркетини ишга тушириши, гипермаркетлар «УзОман»га тегишли энг йирик «Самарқанд Дарвоза» ва «Compass» савдо-кўнгилочар марказларида ташкил этилиши эълон қилинганди.

Makro нимадан норози бўлди?

«Самарқанд дарвоза» маъмурияти 6 январ куни («Мажид Aл Футтаим» ва «УзОман» стратегик ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши ҳақида хабар тарқалишидан бир кун аввал) ижарага олинган майдонни қайтариб беришни сўраб, Makro'га хат йўллаган. Бу ҳақда супермаркет расмийси Kun.uz'га маълум қилганди.

«Ижара шартномаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар амал қилган муддат ичида «Самарқанд дарвоза» томонидан ижара шартнома шартлари бузилгани бўйича бирор шикоят келиб тушмаган. Шунингдек, ижара ҳақини ошириш орқали ижара шартномасини 10 йилга узайтириш бўйича «Дарвоза савдо» МЧЖ (Makro савдо белгиси эгаси – таҳр.) томонидан бир неча марта таклиф билдирилган. Бундан ташқари, «Самарқанд дарвоза»да Carrefour очилиши ҳақидаги хабарни тарқатиш Makro ҳуқуқларини поймол этади», – деган эди компания вакили.

Шунингдек, «Самарқанд Дарвоза» савдо-кўнгилочар маркази маъмурияти – «CD Mall» МЧЖ ходимлари Makro супермаркети жойлашган савдо зали ва омборхонани энергия таъминотидан узиб қўйгани маълум қилинган эди.

Makro («Дарвоза савдо» МЧЖ) расмий вакили ушбу ҳодисадан сўнг, энг биринчи навбатда компания обрўйига путур етиб, молиявий зарар кўрганини таъкидлаганди.

Makro бу масала ёпилганини маълум қилди

Маълум бўлишича, судда «Самарқанд дарвоза» вакиллари Carrefour билан шартнома тузмаганликларини маълум қилган.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди Makro'нинг талабларини қондирмаган.

Шу муносабат билан, 24 март куни Makro «Самарқанд дарвоза»даги биноларни тўлиқ бўшатди, бир неча кун ўтиб супермаркетга тегишли белгилар мажмуадан олиб ташланди. Супермаркетлар тармоғи ушбу масала ёпилганини маълум қилди.