Расул Кушербаев аэропортда расмга тушиш мумкин эмаслигини танқид қилди

Расул Кушербаев аэропортда расмга тушиш мумкин эмаслигини танқид қилди

«Йўловчи самолётининг нимаси махфий?» Ушбу савол билан ЎзЛиДеП депутати Расул Кушербаев ўз Telegram-каналида мурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, у аэропортда «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг йўловчи самолёти фонида расмга тушмоқчи бўлганида йўловчиларга объект стратегик аҳамиятга эга эканлиги сабабли расмга тушиш мумкинмаслигини билдиришган.

Авиакомпания самолётларининг интернетдан олинган фотосуратларини постга қўшиб, депутат шундай деб ёзди: «Ахборотлашган дунёда, ҳамма ёқда камералар бор вақтда йўловчи самолёти билан расмга тушиш мумкинмаслиги қизиқ».

«Агар самолёт махфий бўлса, унда нега ҳарбий эмас, оддий йўловчиларни ташимоқда (ахир улар самолётнинг иккита қаноти, сиртига байроқ тасвири туширилгани, ичида ўриндиқлар борлиги каби «ўта махфий маълумотлар»ни яқинларига айтиб бериши мумкин-ку), нега очиқ аэропортларга қўниб-учиб юрибди, нега устига паранжи билан ёпилиб, кўздан пана қилинмаган?» — дея савол берди Расул Кушербаев.

«Бу саволларга мантиқан жавоб берилса, расмга олишга қўйилган тақиқ тўғри эканига ишониш мумкин. Акс ҳолда бу ҳам замондан ортда қолган, нопрофессионалларнинг ўйлаб топган яна бир кулгили тақиқи бўлиши мумкин», — деб қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий компания самолётлари бортида суратга олиш ва тасвирга олишга тақиқ расман 2016 йилнинг январида жорий этилган эди. Йўловчилар ҳали ҳам бортдан суратга олишади, чунки ҳамма унутилмас лаҳзаларни муҳрлашни хоҳлайди. Бундан ташқари, хорижий авиакомпанияларда бундай тақиқ йўқ.

Қонунда тақиқ йўқлигига қарамай, ўтган йилларда Ўзбекистонда жамоат жойларида суратга тушириш ҳам нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Ҳуқуқ -тартибот идоралари ходимлари суратларни олиб ташлашни сўрашлари ва ҳатто милиция бўлимига олиб боришлари мумкин эди.

Тошкентдаги ҳар қандай ҳукумат биносини «стратегик объект» деб аташ мумкин эди. Тошкент телеминораси ва метрода тасвирга олишнинг расмий тақиқлари амалда бўлган.

2018 йил февраль ойида президентининг «Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан сайёҳларга жамоат жойлари, бино ва иншоотларни чекланмаган ҳолда суратга ва видеога олишга рухсат берилди.

Ўша йилнинг ўзида Тошкент телеминорасидан, ёзида эса метрода суратга олишга рухсат берилди.

Шунга қарамай, сайёҳлар ва ўзбекистонликлар, жумладан, журналистлар вақти-вақти билан айрим объектларни суратга олаётганда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг норозилигига дуч келишади.