Расул Кушербаев: Ўзимизга яхши баҳо берамиз, чунки «ерни чуқурроқ ҳайдаяпмиз»

Расул Кушербаев: Ўзимизга яхши баҳо берамиз, чунки «ерни чуқурроқ ҳайдаяпмиз»

«Тошкент Беш ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивалида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев барча депутатларни ҳам халқ танимаслиги, уларнинг кўриниш бермаслиги ҳақида берилган саволга жавоб берди — дея ёзмоқда 'Daryo.uz' нашри.

«Депутатларни нега танимаймиз дейсизми? Унда сиз ‘Ахборот’ни кўрмас экансиз, давлат каналларини кузатмас экансиз. Депутатларнинг деярли барчаси чиқишлар қилишади, асосан, давлат каналларида чиқишади. Халққа нисбатан ҳаммага қизиқ, кичикроқ муаммоли масалалар бўйича видеолар етиб келади, шунақа видеолар тарқалади. Шунда кўпроқ кўриниш берсак керак. Муҳимроқ, каттароқ масалалар давлат каналларида чиқиб, тармоқларда тарқалмаса керак. Ўзимизга баҳо беришга келсак, бу нотўғри деб ўйлайман, ишимизга беш баҳо дейишим мумкин, лекин бунга ишонмайсиз. Баҳони сиз беришингиз керак. Бизга қолса, фермерга ҳосилдорлик ҳақида берилган савол бўйича жавоби бор-ку, ‘ерни чуқурроқ ҳайдаганимиз учун’ деб жавоб бериладиган. Яхши баҳо берамиз, чунки ‘ерни чуқурроқ ҳайдаяпмиз’. Савол сизга берилиши керак, сиз қандай баҳолайсиз? Биз ўзимизни яхшилайверамиз-да. Сизнинг баҳойингиз эса объектив бўлади », — дея гапириб ўтди Кушербаев.