Расул Кушербаев: "Хусусийлаштириш жараёнлари тўлиқ жамоатчилик назорати остида бўлиши лозим"

Расул Кушербаев:

Афсуски, мамлакат келажагига дахлдор бўлган муҳим масала- хусусийлаштириш жараёнлари тор доирадаги шахслар иштирокида амалга оширилмоқда.

Жамоатчилик шу жумладан, аҳолининг турмуш даражаси ва инфратузилмаси пастлигидан доимий шикоят ва эътирозларини эшитишга мажбур, ҳал қилишнинг реал ричаги чекланган депутатларда ҳам бу жараёнларнинг холислигига шубҳалари ортиб бормоқда.

Чунки давлат улуши бўлган ҳар қандай ташкилотда халқнинг ҳам улуши бор. Халқ давлатнинг бирдан бир манбаи ва унинг бойлиги кимга, нима учун берилаётганини билишга ва буни  ўзгартиришга тўла ҳаққи бор. Токи унга ҳам тегишли бойликка кимлар эгалик қилмоқчи-ю, нега унга ичимлик суви етиб келмагани, унинг фарзанди бораётган мактаб йўли нима учун абгорлигини билиб олиши учун.

Шу сабабдан айни вақтдаги ҳар қайси хусусийлаштириш билан боғлиқ масала кенг жамоатчилик энг камида парламентга ҳисоб бериб, халқ вакиллари таклифларини инобатга олиш шаклида амалга оширилиши керак.

Масалан, Coca-cola компанияси, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Ucell бренди остида уяли алоқа хизмати билан шуғулланаётган Coscom МЧЖнинг давлат улушини сотиш ёки бошқа ташкилотга ўтказиш билан боғлиқ жараёнларнинг ҳар бири ҳақида яқин кунлардаёқ ташкилотчилар парламентда ОАВ иштирокида очиқ ошкора ҳисоб беришлари шарт. Шунда жараёнлар шубҳали ва бир тўда шахслар манфаати лоббиси учунми йўқми халқ буни билиб, реал бахосини бера олади.

Агар жараёнлар давлат ёки тижорат сири каби асослар билан ёпиладиган бўлса демак, жамоатчилик бунда "давлат манфаати" ниқоби билан бир тўда шахсларнинг манфаати учун ҳаракат қилинаяпти, деган хулосага келиши мумкин(Аслида хавфсизлик ва ҳарбий соҳадан ташқари халқдан яшириладиган сирнинг бўлиши нотўғри).

Хусусийлаштириш жараёнлари ҳақиқатан ҳам шу халқ, шу юрт манфаати учун қилинаётган бўлса биз жараёнларнинг жамоатчилик ва парламент кўз ўнгида амалга оширилишига ташкилотчилардан  ирода кутамиз. Ҳар қалай буни ташкил қилаётган шахсларнинг ҳам ўзлари ва авлодлари бир умр шу юртда яшайди. Ё ундаймасми?

Бунга муносабат, ирода ва ташаббусни  кутамиз!..