Расул Кушербаевнинг ҳаракатларини қоралаб чиққан Адлия вазирлиги танқидга учради

Расул Кушербаевнинг ҳаракатларини қоралаб чиққан Адлия вазирлиги танқидга учради

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев 27 ноябрь, шанба куни ўзининг Facebook'даги саҳифасида жонли эфир ўтказиб, банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчалари дам олиш кунлари ишламаслиги муаммосини кўтарди.

“Одамларнинг шанба кунлари кўпроқ бўш вақти бўлади ва нарса харид қилишга чиқиши мумкин. Туристлар ҳам вақти бўлса шу кунлари айланади. Лекин банкларимизнинг валюта айирбошлаш шохобчалари шанба ва якшанба кунлари ишламас экан. Марказий банк шу муаммони ҳал қилиб бермай шу пайтгача юрганига қойил қолсангиз бўлади”, деди у.

Кушербаев Янгийўл шаҳрида 100 долларлик купюранинг фақат 50 долларини алмаштириш учун банк шохобчалари тополмаган. Нақд долларни алмаштирувчи банкомат эса қайтим бермайди. Банклар депутатга дам олиш кунлари уларда тизим ўчишини маълум қилган.

Шундан сўнг депутат 50 долларни қайтим билан олиш учун қора бозордан алмаштиради ва шанба-якшанба куни банк кассалари, айирбошлаш шохобчаларини ишлатиб қўймагани учун Марказий банкни айблайди.

“Ҳолатдан хулоса шуки, ҳар қандай вазиятда ҳам фуқаролар ҳуқуқбузарлик қилмасликлари учун уларни шуни қилишга мажбур қилувчи барча сабаблар бартараф этилиши шарт. Бўлмаса адолат нуқтайи назаридан жавобгар шароит яратмаган томоннинг бўйнида бўлади”, – дея ёзди Расул Кушербаев Telegram-каналидаги постида.

Кейинроқ у дам олиш кунлари валюта алмаштириш билан боғлиқ муаммо сабабли ҳуқуқбузарлик қилишга мажбур бўлгани ва бунга Марказий банк раҳбарлигида банкларнинг масъулиятсизлиги сабаб бўлгани ҳақида гапириб чиқди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров депутат дуч келган бу муаммонинг ечими борлигини ва у бутун дунёда ишлашини, лекин “ўта ижтимоийлашган мақсадлари бор” Ўзбекистонда ишламаслиги ҳақида ёзди.

“Олдиндан айтиб ўтиш керак, Кушербаев юз фоиз ҳақ, истеъмолчи, мижоз сифатида ҳам, сайловчиларидан мандат олган депутат сифатида ҳам. Қани энди ҳар бир депутат шундай бўлса”, – дейди у.

Бакиров тижорат банклари шанба-якшанба кунлари ва кечки вақтларда айирбошлаш шохобчаларини ишлатмаслиги сабабларини санаб ўтди.

Биринчидан, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда ходимларни камида 2 карра ҳақ тўлаб жалб қилиш керак бўлади. Бу кассирларга ҳам, назоратчи, қўриқчи ва инкассацияга ҳам таалуқли. Яъни шохобчаларнинг дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда ишлаши меҳнат сарфи ўртача 2 баробар юқори.

Иккинчидан, дам олиш, байрам кунлари ва тунги вақтларда айирбошлаш операциялари ҳажми бошқа вақтдагига нисбатан каррасига кам. Бу – тажриба, амалиёт ва кузатувлар тарзида аниқланган ҳолат. Валюта операцияларига энг асосий талаб ҳосил қилувчилари – моккилар, ўрта ва майда тадбиркорлар, ёш, технологик мижозлар операцияларини ё иш кунлари ўтказишади, ёки дам олиш кунлари улар онлайн тарзда операция ўтказишни маъқул кўришади. Чунки улар учун шу қулай ва афзал.

Кўряпсизки, дам олиш, байрам кунлари, кечки ва тунги вақтларда айирбошлаш шохобчаларининг харажатлари каррасига кўп, даромадлари эса каррасига кам, молиявий натижа эса доим манфий. Яъни уларнинг бу вақтда ишламаслиги асл сабаби соф тижорий нуқталарга бориб тақалади”, – дея тушунтиради Отабек Бакиров.

Иқтисодчи масаланинг ечими бозор эканини таъкидлайди:

“Одатда бутун эркин дунёда ва айниқса туристик мамлакатларда айирбошлашлаш шохобчалари дам олиш кунлари ва тунги вақтларда валютани жуда арзон сотиб олади ва жуда қиммат сотади. Шу билан ўзининг маржиналлигини таъминлайди. Шартли айтсак, иш куни долларни 10750 сўмдан сотиб олаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10650 сўмдан сотиб олади. Худди шундай, иш куни долларни 10800 сўмдан сотаётган банк шохобчаси дам олиш кунлари долларни 10900 сўмдан сотади. Шу билан ҳажм камлигидан ютқазадиганини курс фарқи орқали қоплайди.

Дунёнинг исталган мамлакатида тунда аэропортдан тушганингизда энг ноқулай курсларга рўпара бўласиз, меҳмонхоналарда ҳам шундай”.

Яна бир иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов валюта айирбошлаш ҳуқуқи фақат банкларга берилгани тўғри эмаслиги, бундай ҳуқуқни ҳаммага бериш ҳам ликвидлик бериши, ҳам рақобат кўп бўлгани учун хизмат сифатини оширишини таъкидлади.

30 ноябр куни Адлия вазирлиги баёнот тарқатиб, Расул Кушербаевнинг ҳаракатларини қонунни бузишга тарғиб қилиш деб баҳолади.

Вазирлик депутатнинг ҳаракатларини амалдаги қонунларни “бузишга қаратилган намойишкорона ҳаракатлар” деб атаб, буни “қаттиқ қоралаши”ни билдирди.

Адлия органи Ўзбекистондаги қонунлар талабларини бажариш барча учун “ҳафтанинг қайси куни эканидан қатъи назар” мажбурийлигини уқтиради.

Билдирилишича, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига асосан, Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат банклар орқали амалга оширилади. Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасида жавобгарлик белгиланган.

“Албатта, Расул Кушербаевнинг юқоридаги хатти-ҳаракатига унинг депутатлик мақомини эътиборга олиб, фақат тегишли ваколатли орган ҳуқуқий баҳо беришга ҳақли ва бу жараён амалга ошмагунча ҳеч ким уни қонунбузар деб эътироф этиш мумкин эмас”, – дея қўшимча қилади вазирлик.

Баёнотда депутат ўз ваколатлари доирасида масалани тизимли ҳал қилиш мақсадида расмийларга сўров юбориши ёки соҳага доир қонунларга ўзгартириш бўйича ташаббус билан чиқиши ҳам мумкинлиги эслатилган.

Адлия вазирлигининг бу муносабати ижтимоий тармоқда танқид қилинди.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистонда бажарилмаётган фармон-у қарорлар, қонунлар, нотўғри талқин қилинаётган қонун нормалари жуда кўплигини ҳақида гапириб, бундай амалиёт учун масъул идоралардан бири айнан Адлия вазирлиги эканига урғу берган.

“Адлия вазирлиги шунча ишлардан ортиб, депутат Расул Кушербаевнинг “қора бозор”да 50 АҚШ доллари сотиб олгани, буни Марказий банк валюта айрибошлаш шохобчаларини дам олиш кунлари ҳам ташкил қилмаганига протест ўлароқ содир этганини қоралаб, узундан узоқ баёнот эълон қилибди, тасанно! Баёнот мазмунидан депутат ҳуқуқбузар, янаям тўғрироғи, потенциал жиноятчи, у жавобгарликка тортилиши керак.

Аммо “қора бозор” ҳамон фаолият юритиб келаётгани, де-факто бу ҳатто қонунбузарлик ҳам бўлмай қолганини муҳтарам адлиячиларимиз яхши билади. Бу борадаги муаммони бартараф қилишга ҳукуматнинг маъмурий кучи етмаётгани, фалажланган вазирликлар, идораларга эса фарқи йўқлигини тушуниб турибмиз”, – дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Ташановга кўра, вазирлик шунча ишлар қолиб, “Марказий банкка адвокатлик қилгандан кўра”, дам олиш кунлари ҳам валюта айрибошлаш шохобчалари ташкил қилиш фойдали экани ва қонунлар билан тақиқланмаслигини тушунтириши керак эди. Шунингдек, у Адлия вазирлигининг “қилни қирқ ёрадиган ҳуқуқшунослари” тутган йўл жамоатчиликни муаммолардан чалғитишга уринишдай туюлганини айтган.

Адлия баёнотига муносабат билдирган иқтисодчи Отабек Бакиров ҳамма қонунлар ҳам ижтимоий келишув эмаслигини таъкидлади.

“Совет иттифоқида 1937–38 йилларда амалга оширилган қатағонлар совет қонунчилиги бўйича қонуний бўлган. Унга қарши чиққанлар жиноятчи саналган. Қонун бўйича.

Гитлер Германиясида еврейларни концлагерларда сақлаш ва печкаларда ёқиш билан йўқотиш учинчи рейхнинг Nürnberger Rassengesetze деб аталган қонуни доирасида амалга оширилган. Бошқача айтганда, рейхнинг душманлари ва еврейлар амалдаги қонун доирасида йўқ қилинган.

Гитлер ва Сталинни тинч қўяйлик. Яқин ўтмишимизда амалда бўлган прописка қонунлари ҳам қонуний бўлган. Қонун номи билан ўзбекистонликлар пойтахтга киритилмаган ёки мулк сотиб олишига йўл қўйилмаган.

Бундай мисолларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Пулли тонировка ёки жарималар ҳам қонуний. Бюджет соҳасида ишламайдиган аёлларга декрет пули берилмаслиги ҳам қонуний. Олигархларга бюджет пулларининг тақсимланиши ҳам қонуний. Сервери Ўзбекистонга кўчирилмаган ижтимоий тармоқларни блоклаш, чеклаш ҳам қонуний.

Биласизми, биз қонуний деб санаган юқоридаги қонунларни нима бирлаштириб туради?

Улар ижтимоий келишув эмас”, – дея ёзади иқтисодчи.

Бакиров ёмон қонунларнинг зиёнли эканини айтиш ва бу ҳақда мулоҳаза юритиш жасорат эканини қўшимча қилган.

Ҳолатга Марказий банк изоҳ бермади.