Расул Кушербаевнинг таклифига депутат Жаҳонгир Зияев қарши

Расул Кушербаевнинг таклифига депутат Жаҳонгир Зияев қарши
  • Расул Кушербаев айтганидек, ҳақиқатан бу масала жуда долзарб, аммо 2 ёшгача бўлган болаларнинг ҳаммасига  бола пулини қайтариш фикримча тўғри эмас. Барча болаларга у қандай таъминланган бўлишидан қатъий назар тўлов ажратиш назаримда солиқ тўловчилар учун юк бўлиши мумкин. Қолаверса, бу мақсадли ҳам эмас. Пули бор, ўзига тўқ оилалар ёрдам пулини олишга бормаслиги, улар учун бу ортиқча ҳужжатбозлик ва ноқулайликлар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Аммо, ўша ажратилган пулларни “амаллаб” ўзлаштириб юборадиганлар аниқ топилади.

ЎзМТДП депутати Жаҳонгир Зияев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг 2 ёшгача бўлган болаларга бола пулини қайтариш таклифига қарши чиқди. Унинг фикрича, бу солиқ тўловчилар учун ортиқча юк бўлади.

Депутат Жаҳонгир Зияев бола учун нафақа ажратиш йўлларини бошқа оптимал йўлларини тадбиқ қилиш керак, деган қарашлар тарафдори. Унинг фикрича, айни дамда Ўзбекистонда мавжуд бўлган ёрдам пули ажратиш тизими ўзини оқламаяпти.

Депутат фикрини шундай изоҳламоқда: 

“Яқиндагина, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутати Расул Кушербаев “2 ёшгача бола пулини ҳаммага қайтариб бериш керак. Бу масаланинг актуаллиги ҳали ҳам йўқолгани йўқ”, деган фикр билан чиқди.
"Расул Кушербаев айтганидек, ҳақиқатан бу масала жуда долзарб, аммо 2 ёшгача бўлган болаларнинг ҳаммасига  бола пулини қайтариш фикримча тўғри эмас. Барча болаларга у қандай таъминланган бўлишидан қатъий назар тўлов ажратиш назаримда солиқ тўловчилар учун юк бўлиши мумкин. Қолаверса, бу мақсадли ҳам эмас. Пули бор, ўзига тўқ оилалар ёрдам пулини олишга бормаслиги, улар учун бу ортиқча ҳужжатбозлик ва ноқулайликлар келтириб чиқариши ҳам мумкин. Аммо, ўша ажратилган пулларни “амаллаб” ўзлаштириб юборадиганлар аниқ топилади. Бунда солиқ тўловчиларнинг пули яна мақсадсиз сарфланади. Назаримда аҳолини даромади маълумотлари аниқ электронлаштирилса ва фуқароларнинг даромадларига кўра ёрдам пули ажратиш белгиланса мақсадли бўлар эди. Айтмоқчиманки, кам таъминланганини исботлаш учун маълумотнома тўплаб, югуриб юрмасин. Фақатгина маълум миқдорда маош пули белгиланиб, шу миқдордан кам пул олувчи оилаларнинг фарзандига ёрдам пули ажратилсин ҳамда бу ишларнинг ҳаммаси инсон омилисиз солиқ тўловчининг идентификацион рақам маълумотлари орқали амалга ошиши керак. Кам таъминланган оила фарзандларини биз шундайлигича ташлаб қўя олмаймиз. Бу Ўзбекистон қўшилган халқаро конвенцияларга ҳам зид. Шунингдек, баъзи қишлоқ жойларда сақланиб қолганидек, фақатгина ёрдам пулига бутун оила рўзғор қилишига ҳам йўл қўймаслик керак. Фуқаролар хайрия ва ёрдам пулларига қараб яшашга ўрганмасинлар. Бола учун ёрдам пулини тиббий муолажа, боғча пулидан озод қилиш, махсус, бола учун керакли озиқ-овқатлар билан ҳам алмаштириш тўғридир. Кўпгина давлатларда хусусан, АҚШда бола учун ажратилган пул мақсадли сарфланиши учун тўлов карточкалари берилади. Бу карточка орқали фақатгина тамаки, алькоголь ичимликлардан ташқари озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш мумкин. Карточка айнан бола пулини унинг ота-онаси бошқа мақсадда сарфламаслиги учун берилади. Балки, бизда ҳам шу методларни ўйлаб чиқиш керакдир. Ҳар қандай тақдирда ҳам менинг назаримда ҳозирда Ўзбекистонда мавжуд бўлган кам таъминланган оила фарзандларига бола пули ажратиш тизимини янгилаш, оптималлаштириш зарур. Бу тизимда камчиликлар борлиги, унинг салбий оқибатлари кўриниб қолган. Назаримда, айни дамдаги ёрдам пулини ажратиш тизими ўзини оқламаяпти”, дейди Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати Жаҳонгир Зияев.

Ўзбекистонда ҳозирда амалда бўлган тизимга кўра, кам таъминланган оилаларнинг 14 ёшгача бўлган фарзандларига маълум миқдорда пул ажратилади.

2020 йил 1 февралдан бошлаб республика ҳудудида 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, 2 ёшгача бола парвариши нафақаси, кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдамнинг қуйидаги миқдорлари белгиланган.
Унга кўра:
• бир болали оилаларга – 131 000 сўм;
• икки болали оилаларга – 217 000 сўм;
• уч ва ундан ортиқ болали оилаларга – 304 000 сўм;
• 2 ёшгача бола парвариши бўйича нафақа – 434 000 сўм;
• кам таъминланган оилаларга бериладиган моддий ёрдам – 326 000 сўмдан 653 000 сўмгача;
• Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марталик моддий ёрдам – 434 000 сўмдан 1 085 000 сўмгача этиб белгиланган.