Равшан Эрматов сўнгги ўн йилликнинг энг яхши ҳакамлар рўйхатида

Равшан Эрматов сўнгги ўн йилликнинг энг яхши ҳакамлар рўйхатида

Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерасияси (IFFHS) сўнгги ўн йилликнинг энг яхши ҳакамлари рўйхатини тузди.

Ушбу рўйхатга ўзбекистонлик футбол ҳаками Равшан Эрматов ҳам киритилди. 2011-2020 йиллар оралиғида IFFHS ҳакамларнинг ҳар бир йилдаги рейтингини олган ва шу орқали уларни баҳолаган.

Йил ҳаками бўлганларга 20 балл, 2-ўриндагиларга 19 балл, 3-поғонадагиларга эса 17 очко берилди ва 20-ўринга қадар шу тарзда баҳоланган.

Унга кўра, энг яхши ҳакам деб германиялик Феликс Брих (141 балл) топилди. Ундан 1 очкога ортда қолган туркиялик Жунайт Чақир эса 2-бўлди. Кучли учликка нидерландиялик Борн Кюйперс киритилган. Ўзбекистонлик Равшан Эрматов эса 33 балл билан 16-ўриндан жой олди.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Равшан Эрматов беш марта Осиёнинг энг яхши ҳаками деб топилган.У фаолияти давомида учта Жаҳон чемпионатида қатнашиб, бош ҳакам сифатида 11 ўйинни бошқарган ва бу кўрсаткич бўйича рекордчи ҳисобланади.