Республикамизнинг 9 ҳудудида ёғ нархи пасайган, 5 вилоятда эса ошган

Республикамизнинг 9 ҳудудида ёғ нархи пасайган, 5 вилоятда эса ошган

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини сақлаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, бугунги глобал инқироз шароитида озиқ-овқат маҳсулотлари учун жаҳон нархларининг кескин ўзгарувчанлиги шароитида ички бозорнинг нарх-наво сакрашларига нисбатан барқарорликни таъминлаш жуда муҳим.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) мамлакатимиз ички бозорларида нархлар бўйича доимий мониторинг олиб бормоқда. Хусусан, 2021 йил 28 апрелдан 5 майга қадар асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг вилоят, туман ва шаҳарлар бўйича ўзгариши таҳлил қилинди.

Сўнгги вақтларда ўсимлик ёғининг нархлари конюктураси жамоатчилик диққат марказида бўлиб келмоқда. Ташқи бозорда ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг ортиши ва натижада тадбиркорларнинг нархлар фарқидан фойдаланган ҳолда юқори фойда олишга интилиши оқибатида нархларнинг кўтарилиши давлат томонидан бозорни барқарорлаштирувчи чора-тадбирларнинг жорий этилишига олиб келди. Мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳафта охирига келиб республикада бир литр ўсимлик ёғининг ўртача нарх 0,5 фоизга пасайиб, 19 минг 104 сўмни ташкил этди. Ўртача нархлар диапазони Андижон вилоятида бир литр учун 17 минг 218 сўм, Тошкент шаҳрида 20 минг 596 сўмгача бўлган оралиқда ўзгариб борди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мутахассиси Руслан Абатуровнинг маълум қилишича, 9 та ҳудудда, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилган. Ҳафта давомида нархлар фақат 5 та вилоятда ошди. Улардан энг баланди Сирдарё вилояти (1,6 фоиз), Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида (0,7 фоиз) кузатилди. Ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши ички бозордаги вазият барқарорлашаётганидан далолат беради.

Ҳудудлар кесимида мол гўштининг энг юқори нарх ўсиши Навоий (1,7 фоиз) ва Сурхондарё (1,8 фоиз) вилоятларида кузатилган. Ҳафта давомида ўртача нархларга нисбатан сут 0,2 фоиз, гуруч 0,1 фоиз, ўсимлик ёғи 0,5 фоизга пасайган. Шакар Самарқандда 2,3 фоиз, Хоразмда 0,8 фоиз, Навоийда 0,5 фоизга пасайган.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ушбу ҳафта давомида асосий истеъмол товарлари учун нарх муҳити нисбатан паст даражада ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради. Аммо Андижон ва Бухоро вилоятларида картошка нархининг кўтарилиши ҳақида хавотирлар бор.