Ресторан, кафе, умумий овқатланиш шохобчалари ишлашига рухсат берилдими?

Ресторан, кафе, умумий овқатланиш шохобчалари ишлашига рухсат берилдими?

Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарорига мувофиқ 2020 йилнинг 5 июнидан бошлаб “сариқ” ҳудудлардаги меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар, бошқа дам олиш масканларида жойлашган ҳамда очиқ ҳавода хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) фаолиятига рухсат берилди.

2020 йил 15 июнидан бошлаб эса “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда умумий овқатланиш объектлари фаолиятига рухсат берилмоқда.

Шу билан бир қаторда, умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар сифатида қуйидагилар белгилаб қўйилди:

  • банкетлар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўймаслик;
  • фаолиятини 8:00 дан 23:00 га қадар ташкил этиш;
  • столлар оралиғидаги 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани таъминлаш;
  • бир стол атрофида 4 кишидан кўп бўлмаган (10 кишидан кўп бўлмаган бир оила аъзолари бундан мустасно) мижозларни жойлаштириш;
  • ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопда бўлиши;
  • ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозаланиши зарур.

    Ундан ташқари, карантин шароитида умумий овқатланиш объектлари фаолиятини ташкил қилиш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.