Электрокарлар даври: Германия автосаноати дунёдаги етакчилигини бой беряптими?

Электрокарлар даври: Германия автосаноати дунёдаги етакчилигини бой беряптими?

Германиянинг Штутгарт шаҳрида очилаётган янги Тесла дўкони

Дунёдаги ҳеч бир мамлакат Германиячалик ўз автосаноати билан фахрлана олмайди. Автоолам ветеранлари Карл Бенц, Готлиб Даймлер и Фердинанд Поршелар Германияда миллий қаҳрамонлардир.

Германия 2018 йилда 5,1 миллион дона машина ишлаб чиқарган ва уларнинг 78%ини экспорт қилган. Умумий ишчи кучининг 4%и – 1,75 миллион киши бу соҳада банд ҳисобланади. Ташқи савдода автомобиллар ва уларга алоқадор соҳалар Германия экспортининг 50%ини ташкил қилади.

Бироқ энди вазият ўзгармоқда. Глобал автосаноат тепадан пастга қараб ўзгаришларнинг дастлабки босқичида. Келажак автомобили ўзаро алоқавий (Connected), автоном (Autonomus), умумий (Shared) ва асосийси, электрда юрадиган (Electric) бўлади (инглизча акроними CASE). АҚШнинг Тесла компанияси мана шу тўртта тренддан учтасини ўзида мужассамлаштиришга муваффақ бўлди.

Немис автоишлаб чиқарувчилари уч сабаб туфайли CASE билан биринчилардан бўлиб дуч келишди:

  • Ҳам Европа иттифоқи ҳам Европанинг алоҳида шаҳарлари томонидан карбонад ангидриднинг миқдорини камайтириш учун чиқарилаётган қонунлар;
  • Ҳашаматли немис седанларининг икки йилдан бери бозорда улуши тобора ортиб бораётган Тесла билан тўғридан тўғри рақобати;
  • Глобал автосаноат ривожи шу йўналишда кетаётганлиги.

Америка машинaлари ковбойча ажойиб, Японияники арзон ва ишончли бўлса, немисларники юқори технологияли ва аниқ ишлайдиган бўлган. Агар Германиянинг тажрибали муҳандислари янги технологияларни ўзлаштира олмасалар, унда ким ёрдам беради?

Афсуски, немислар 20 йилдан бери айланма йўлларда адашиб қолишди. Японлар гибрид автомобиллар ишлаб чиқараётган бир пайтда немислар дизел нархини икки баробар арзонлатишди – бу эса муваффақиятсизликнинг бошланғич нуқтаси эди. Бошқаларга етиб олиш учун энди улар “югуришлари” керак. Яқинда Vokswagen Group иккита электрокарни намойиш этди: Audi e-tron ҳамда Porsche Taycan ва 2040 йилга келиб яна ўнлаб электрокарлар ишлаб чиқариш режасини маълум қилди.

Der Spiegel таъкидлаганидек, дизел можароси "охир-оқибатда барча соҳада модернизация қилишга туртки бўлди. Соҳага бўлган ишонч шу қадар ёмонлашганки, Германия автомобил компаниялари раҳбарлари ва кузатув кенгашлари туб ўзгаришларнинг муқаррарлигини тан олишга мажбур бўлишди”.

Ноябрь ойи бошида Vokswagen Германиянинг Цвиккау шаҳрида “Европадаги энг катта ва самарадор электрокар заводи” қуриб, унда ID.3 хетчбекини серияли тарзда ишлаб чиқара бошлагани билан тарихга кирди. Тўлиқ қувват билан ишлаганда, завод йилига 330 минг автомобил ишлаб чиқаради.

Бироқ, Vokswagen ҳали ҳам электр инқилобининг бошида турибди ва Германиядаги рақобатчилари бу чизиқдан орқароқда.

2013 йилда, BMW электрокарлар бозорида оммабоп бўлиши кутилган i3 юқори инновацион автомобилини тақдим этиши билан бу соҳадаги етакчиликни қўлга киритди. Бироқ, Der Spiegelнинг ёзишича, i3 молиявий муаммолар гирдобида, чунки углерод тола каби юқори технологияли эҳтиёт қисмлар ниҳоятда қиммат туради. Электр соҳасидаги изланишларини давом эттириш ўрнига BMW раҳбарияти асабийлашди ва i3 борасидаги изланишларни 2021 йилгача тўхтатиб қўя қолди.

Mercedes-Benz ҳам қараб тургани йўқ – компания CASE учун алоҳида бўлинма очди. Бўлинма аъзоси Сажжад Хон: “Биз тубдан ўзгаришимиз керак – шахс сифатида, бўлинма сифатида, компания сифатида, мамлакат сифатида. Агар бундай қилмасак олдинда қийин кунлар кутмоқда”, - деди. Mercedes ўзининг электр кроссовери EQC ишлаб чиқаришни май ойида бошлаган ва 2020 йилга келиб 20 га яқин моделларни тақдим этишини та’кидламоқда.

Айни вақтда Калифорниядаги Tesla заводларида ҳаёт ҳар қанчонгидан ҳам қизимоқда. Tesla заводининг кираверишига шундай ёзилган: “Дунёнинг барқарор энергияга ўтишини жадаллаштиринг”. Шунингдек, Tesla мижозлари ва ишчиларига ўзларини улкан ҳодисанинг бир қисми сифатида ҳис қилиш имконини бермоқда.

Яқинда Тесла раҳбари Илон Маск Берлин яқинида Европадаги илк заводини қуришини эълон қилди. Немисларнинг уйида пойга ўйнамоқчи бўлаётган Тесла герман автосаноатини ёки курашга чорламоқчи ёки ҳамкорликка ёки иккаласигаям.

Аммо бу бозорда яна бир иштирокчи мавжуд – Хитой. Автосаноатдаги ривожланиш маркази Чин юртига қараб силжимоқда. Бу эса автосаноат ветеранларига бир неча фронтда муаммолар келтириб чиқаради.

Хитой глобал автоулов брендларининг қарорларига тобора кўпроқ таъсир кўрсатмоқда - сўнгги ойларда тақдим қилинган янги электрокарларнинг аксарияти Хитой бозорида дебют қилади. Vokswagen Хитойда анъанавий транспорт воситаларининг кучли савдосидан завқланди, аммо электрокарлар ҳақида гап кетганда, немис брендлари маҳаллий автомобилсозлар ва Tesla’дан анча орқада қолмоқда.

Сир эмаски, Хитой ўз автосаноатини эртароқ электрлаштириб бошлаган ва глобал бозорнинг бу қисмида энг юқорида бўлишни хоҳлайди. Германия (ва АҚШ) автомобил ишлаб чиқарувчилари электрлаштиришга уринишаётган бир пайтда, электрокарлар таъминот занжири юқори муҳандислик қобилияти билан бирга аста-секин Хитойга кўчиб ўтди.

Хитойнинг BYD ва CATL ширкатлари энг йирик электрокар батарейкалари ишлаб чиқарувчилари ҳисобланади ва уларнинг батарейка бозоридаги улуши 75 %ни ташкил қилади. Электр автобусларини ишлаб чиқаришда Хитой этакчи ўринни эгаллайди – дунё ё‘лларидаги 400 мингта э-автобусларнинг катта қисми Хитойнинг BYD ва Yutong заводларида ишлаб чиқарилади.

Немис нуқтайи назаридан энг ёмон туш – ҳеч бўлмаса битта хитойлик автомобил ишлаб чиқарувчининг Европада “дарча” очиши. Қизиғи Хитойнинг энг йирик хусусий аутомобил ширкати Geely 2010 йилда Volvo’ни, 2013 йилда Лондон такси компаниясини сотиб олган. Иккала компания ҳам шиддат билан электрлаштирилмоқда. Geely Франкфурт аэропорти яқинида илмий-тадқиқот ҳаби очди ва у муҳандисларни ва Европанинг автомобилсозлиги мутахассисларини жалб қилмоқда. Der Spiegel'нинг таъкидлашича: "Geely Франкфурт яқинида офис очишни афзал кўрди, чунки Хитойда ҳанузгача немис муҳандислигига катта ҳурмат билан қарашади ва улардан ўрганишни жуда хоҳлашади. Бундай ҳис-туйғулар немис қулоқларига ёқади, аммо хитойликлар қачонгача бундай камтар бўла олишаркин?"