Ривожланган мамлакатлар ишлаб чиқарилиши кутилаётган вакцинанинг 80 фоиздан ортиғига буюртма бериб бўлди

Ривожланган мамлакатлар ишлаб чиқарилиши кутилаётган вакцинанинг 80 фоиздан ортиғига буюртма бериб бўлди

“Pfizer” фармацевтика компанияси коронавирусга қарши потенциал вакцинасининг 80 фоиздан ортиқ захирасини дунёнинг энг бой мамлакатларига сотиб бўлди, бу эса камбағал мамлакатлар аҳолиси ҳаётини хавф остига қўяди, деб ёзмоқда The Independent нашри.

Британиянинг Global Justice Now ташкилоти таҳлилига кўра, “Pfizer” ҳамда бошқа компанияларнинг вакциналарига тенг эга бўлмаслик  “глобал пандемия даврида асло йўл қўйиб бўлмайдиган сунъий тақчилликни келтириб чиқаради ва бу кўплаб инсонлар ҳаётини хавф остига қўяди”.

Global Justice Now ходими Хайди Чоунинг сўзларига кўра, вакцина синови муваффақиятли бўлганлиги тўғрисидаги хабар “инсониятнинг бир қисми учунгина яхши хабар” ҳисобланади. The Independent нашрининг ёзишича, вакцина учун буюртма берган мамлакатлар аҳолиси ер юзи аҳолисининг атиги 14 фоизини ташкил этади. 

“Биз кўплаб корхоналар ишлаб чиқара олиши учун вакцина монополиясига барҳам беришимиз керак”, – деган Чоу.

Билл ва Мелинда Гейтс фонди тадқиқотига кўра, коронавирусга қарши вакцинанинг тенг тақсимланиши коронавирус билан боғлиқ ўлимларнинг 61 фоизининг олдини олади. Агарда вакцинани фақат энг бой мамлакатлар оладиган бўлса, бу кўрсаткич 33 фоизни ташкил этади.

Американинг “Pfizer” концерни ва унинг германиялик ҳамкори “BioNTech” 2021 йилда 1,3 млрд доза вакцина ишлаб чиқаришни режалаштирган. Буюк Британия, Япония, АҚШ ҳамда Европа иттифоқи мамлакатлари ушбу дозанинг катта қисмига аввалдан буюртма бериб бўлган. Масалан, АҚШ 600 млн дозагача вакцинага эга бўлиши мумкин, Буюк Британия 40 млн, Япония – 120 млн, ЕИ – 300 млн доза вакцинага буюртма берган.

9 ноябр куни “Pfizer” ва “BioNTech” ҳамкорликда ишлаб чиқаётган вакцинаси синов вақтида 90 фоиздан ортиқ самарадорлик кўрсатганини маълум қилганди.