Роналду ва Салоҳ ЕЧЛсиз қолиши мумкин, «Атлетико» 7 йил ўтиб, шоҳсупага қайтадими? Кучли бешликнинг асосий интригалари

Роналду ва Салоҳ ЕЧЛсиз қолиши мумкин, «Атлетико» 7 йил ўтиб, шоҳсупага қайтадими? Кучли бешликнинг асосий интригалари

Европада миллий чемпионатлар поёнига етиб бормоқда, аммо айтиш мумкинки деярли барча лигаларда жуда аҳамиятли ўринлар учун кураш қизғин паллага кирган. Испания ва Францияда эса ҳали чемпион ҳам аниқлангани йўқ. Бу сафарги анонсни сал бошқача тайёрладик. Яъни эътиборли жамоаларнинг ўйинига эмас, мавжуд энг катта интригалар ҳақида сўз юритамиз.

АНГЛИЯ: Чемпионлар Лигаси кимга насиб қилади?

Премьер-лигани тарк этувчи жамоалар ҳам, мамлакат чемпиони ҳам расман аниқ бўлиб улгурган. Асосий масала, Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи қолган икки ўрин учун даъвогарлик қилаётган 4 клубдир. «Ливерпуль» «Олд Траффорд»даги ғалабадан сўнг, ўз позициясини жуда яхши кўринишга келтириб олди ва бунга албатта, «Челси»нинг Лондон дербисидаги мағлубияти ҳам ёрдам бериб юборди. Энди Клопп шогирдлари қолган уч ўйинни ғалаба билан якунлашса, бошқа ўйинлар натижасидан қатъи назар, деярли кучли тўртликдан ўрин олишади.  

Ҳозирда «Лестер»да 66, «Челси»да 64 очко мавжуд бўлиб, бу икки жамоада 2тадан ўйин қолган. «Ливерпуль» ҳисобида 60 очко бор, лекин бир ўйин захираси ҳам бор. Демак, «Ливерпуль» ўз ўйинларини  («Вест Бромвич», «Бёрнли», «Кристал Пэлас») ютадиган бўлса, якунда 69 очкога эга бўлади. Бу довони «Лестер» ва «Челси» ошиб ўтиши мумкин, лекин биргаликда эмас, зеро ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйини ҳам бор.  

«Челси» «Лестер»га ютқазадиган бўлса, сўнгги турда ютса ҳам, максимал 67 очкода қолиб кетади ва «Ливерпуль» бемалол қувиб ўтади. «Челси» ва «Лестер» дуранг ўйнайдиган бўлса, лондонликлар якунда максимал 68 очкога эга бўладилар, бу ҳам «Ливерпуль» учун айни муддао. Биргина вариант, «Челси»нинг «Лестер» устидан ғалаба қозониши қоляпти. У ҳолда «Челси» сўнгги турда ҳам ғалаба қозониб, очколари сонини 70 тага етказади ва «Ливерпуль» учун етиб бўлмас чегарада чиқиб олади. 

У ҳолда «Лестер» сўнгги тур олдидан «Ливерпуль» билан бир хил – 66 очкога эга бўлиб қолади. АПЛда тўплар нисбатига эътибор берилишини инобатга олсак, ҳозирда лестерликларда +21, «Ливерпуль»да эса, +20. Бизнинг вариантимизда, «Ливерпуль» икки ўйинни ютган, «Лестер» эса «Челси»га ютқазган ҳолатда тўплар нисбати у пайтга келиб, «Ливерпуль»да анча яхшироқ бўлиши ва тўртинчи ўринга кўтарилиб олиши аниқ. Бу ҳолатда «Лестер» тўртликка қайтиши учун сўнгги турда «Тоттенҳэм» устидан ўта йирик ҳисобда ғалаба қозонишига тўғри келадики, бунга ишониш қийин.  

Демак, Англияда ЕЧЛ йўлланмаси «Челси» – «Лестер» ўртасидаги ўйинда ҳал қилинади. Бу ўйин келаси ҳафта, сешанба оқшомига белгиланган. Дам олиш кунлари эса «Ливерпуль»нинг «Вест Бромвич» сафарига эътибор қаратиб турамиз. Ким билади, АПЛдан тушиб кетган бўлса-да, мавсумда «Манчестер Сити», «Челси», «Манчестер Юнайтед» ва ҳатто «Энфилд»да ҳам очко олишга муваффақ бўлган «Вест Бромвич» Клоппга етарли қаршилик кўрсатиб, вазиятни умуман бошқа тарафга буриб юборар? 

Дарвоқе, «Челси» – «Лестер» ўйинининг келаси ҳафтага қолдирилиши сабаби - «Челси» – «Лестер» ўйинидир. Айнан шу рақиблар бугун Англия кубоги финалида майдонга тушадилар. «Челси» 9-бор бу совринни қўлга киритиб, бу борада тоза учинчи ўринга кўтариб олиш имкониятига эга бўлса, «Лестер» ўз тарихида илк бор Англия кубоги эгасига айланиши мумкин. Лестерликлар бунгача тўрт бор финалда мағлубиятга учрагандилар.  

Англия кубоги. Финал

15 май (шанба)

21:15. Челси – Лестер  

АПЛ. 36-тур. 16 май (якшанба)

20:30. Вест Бромвич – Ливерпуль

АПЛ. 37-тур. 18 май (сешанба)

00:15. Челси – Лестер 

ИСПАНИЯ: «Атлетико» етти йил ўтиб, яна шоҳсупага қайтадими?

Испанияда кучли тўртлик аллақачон шаклланиб бўлган, аммо чемпионлик кураши охирги дақиқаларгача давом этиши шубҳасиз. 37-тур бўлгани учун, Лига регламентига кўра, барча ўйинлар бир вақтда ўтказилади.  

«Атлетико» ҳисобида 80 очко мавжуд ва қолган икки ўйиндаги ғалаба Симеоне шогирдларини мамлакат чемпионига айлантиради. Энг яқин таъқибчи – 78 очколи «Реал» Бильбаога бориб, ғалаба қозониши етмагандек, «Атлетико»нинг очко йўқотишидан умид қилиши керак. Ўзаро ўйинларда Зидан жамоасининг устунлиги борлиги учун, «Атлетико» ҳатто бир ўйинни дуранг қилиб қўйса ҳам, «Реал»ни ўтказиб юборади.  

«Леванте» билан дуранг «Барселона»нинг имкониятларини деярли йўққа чиқариб қўйди. Энди каталонияликлар ўз ўйинларини ютиш билан биргаликда, «Реал» қолган икки ўйинда камида 3 очко йўқотиши, «Атлетико» эса икки ўйиндан атиги бир очко олиши керак бўлади. Бунга албатта, ишониш қийин. «Севилья» (74 очко) ўзаро ўйинда «Атлетико»дан устун бўлмагани туфайли, чемпионлик имкониятини расман йўқотган. 

Бундан ташқари, Ла Лигада қўйи жадвалда ҳам қизғин кураш кетмоқда. «Алавес» (35 очко), «Хетафе» (34), «Уэска» (33), «Вальядолид» (31), «Эльче» (30) ва «Эйбар» (30) каби жамоалар турнир жадвалида охирги ўринларни эгаллаб туришибди. Ушбу гуруҳдан учтаси лигани тарк этади ва ҳар бир жамоада қутулиб қолиш имконияти сақланиб турибди.  

Қизиғи, сўнгги турларда бу жамоалар фақат сиртдан рақобат қиладилар, яъни бирорта ҳам ўзаро ўйин йўқ. Аммо «Вальядолид»нинг 38-турдаги «Атлетико»га қарши ўйини барчанинг эътиборида туриши аниқ. Мезбонлар лигада қолиш учун очко олиши керак, «Атлетико» эса чемпион бўлиши учун ғалаба қозониши шарт бўлган ҳолат юзага келиш эҳтимоли юқори.  

Ла Лига. 37-тур. 16 май (якшанба)

21:30. Атлетико – Осасуна

21:30. Барселона – Сельта

21:30. Атлетик – Реал Мадрид. 

ИТАЛИЯ: Турин осмонида қора булутлар

Италияда Англияга ўхшаш ҳолат, чемпион номи аниқ, аммо қолган тўрт жамоа ЕЧЛ йўлланмасини берувчи 3 ўрин учун қизғин кураш остонасида туришибди. «Аталанта» ва «Милан»да 75 очкодан тўплаб, гўё фаворитдек туришибди. «Наполи»да 73, «Ювентус»дан 72 очко бор. Аммо сўнгги турда «Аталанта» ва «Милан»нинг ўзаро ўйин кутиб турганини ҳам инобатга олсак, карталар янаям чалкашиб кетади.  

Тўртликни таъқиб қилиб келаётган «Ювентус»нинг аҳволи ҳам мисол учун «Ливерпуль» каби, ўзига боғлиқ эмас. Биринчидан, юқорида эсланган «Аталанта» – «Милан» ўйинида иккала жамоани ҳам қониқтирадиган дуранг қайд этилиши мумкин. Ёки «Милан» ютадиган бўлсаям, «Аталанта»нинг тўплар нисбати анча яхши. Иккинчидан, 37-турда «Ювентус»га «Интер»нинг ўзи қаршилик қилади. Албатта, миланликлар аллақачон чемпионликни ҳал қилиб, мотивацияни йўқотган бўлишлари мумкин, лекин айнан «Ювентус»ни ЕЧЛдан маҳрум қилиб, «чемпионлик тортини ясатишни» «Интер» истамайди, дейсизми? Бунинг устига, босимсиз жамоа янада яхшироқ ўйнаши мумкин. 

Жадвалнинг қўйи қисмида ҳам барчаси аниқ эмас. «Парма» ва «Кротоне» расман лигани тарк этишган, лекин «Беневенто»да қутилиш учун имконият бор. Жамоа 31 очкога эга ва 35 очколи «Торино» ва «Специя»ни таъқиб қилмоқда. «Беневенто»нинг икки ғалабаси ва бу икки жамоанинг етарли очколарни қўлга кирита олмасликлари вазиятни ўзгартириб юбориши мумкин.

Гўёки, бу қийин, иложсиздек кўринади, тўғрими? Йўқ. Гап шундаки,37-турда «Беневенто» аллақачон лигани тарк этган «Кротоне»ни қабул қилади. «Специя» ва «Торино» эса ўзаро ўйинда майдонга тушади. Демак, бу ўйинда ғалаба қозонган жамоа очколари сонини 38тага етказиб, А Серияда ўрнини сақлаб қолса, мағлуб «Беневенто»га «ем бўлиши» мумкин. Дуранг ҳам ҳар икки жамоани сўнгги тур олдилан хавф остида қолдиради.  

Зеро сўнгги турда «Специя» анча кучли «Рома»га қарши ўйнаса, «Торино», диққат қилинг, айнан «Беневенто»ни қабул қилади. Демак, «Торино»ни сўнгги икки турда икки финал кутиб турибди ва бу ўйинларда мағлуб бўлса, келаси мавсумда Турин дербисини кўрмаймиз.  

А Серия. 37-тур. 15 май (шанба)

18:00. Женоа – Аталанта

21:00. Ювентус – Интер

23:45. Рома – Лацио

16 май (якшанба)

15:30. Фиорентина – Наполи

23:45. Милан – Кальяри 

ГЕРМАНИЯ: Дортмунд қайтмоқда

«Айнтрахт»нинг кутилмаганда, охирги 4 ўйинда 2 мағлубият ва бир дуранг қайд этиши гўё имконсиз туюлган эҳтимолни ҳақиқатга айлантирди – энди «Дортмунд» кучли тўртликда. «Боруссия»да 58, «Айнтрахт»да эса 57 очко бор. Сўнгги икки турда дортмундликлар ғалаба қозонишса, камида 4-ўринда қоладилар. 

Бу турда Терзич шогирдлари айнан «Айнтрахт»га панд берган «Майнц» меҳмони бўладилар. «Майнц»нинг хавфлилиги шундаки, жамоа 36 очко билан 12-ўринни эгаллаб турган бўлса-да, ўзини бутунлай хавфсиз ҳис қилгани йўқ, зеро 16-ўриндаги жамоадан 5 очко олдинда бормоқдалар. Бундан ташқари, «Майнц» мана шу позицияга келиш учун деярли қаҳрамонлик кўрсатди, қаторасига 8 ўйинда мағлубият нималигини билмади. Бу серия ичида «Бавария» устидан қозонилган ғалаба ҳам бор. Охирги тур эса «Боруссия» «Байер» билан ўйнайди.  

Франкфуртликлар ўртамиёна «Фрайбург» ва лигани аллақачон тарк этган «Шальке»га қарши майдонга тушадилар. Демак, тўртлик учун кураш тугагани йўқ ва катта эҳтимол билан сўнгги турда ҳам давом этади.  

Бундеслигада жон сақлаш учун рақобатда юқорида тилган олинган «Майнц»дан ташқари, «Ҳерта»да 34, «Аусбург»да 33, «Вердер»да 31, «Арминия»да 31, «Кёльн»да 29 очко бор. Бугун бўлиб ўтадиган «Ҳерта» – «Кёльн» ўйини алоҳида эътиборга арзийди.

Бундеслига. 33-тур

15 май (шанба)

18:30. Шальке – Айнтрахт Ф

16 май (якшанба)

21:00. Майнц – Боруссия Д

23:30.Лейпциг – Вольфбург 

ФРАНЦИЯ: Почеттино яна чемпион бўла олмайдими?

Охирги саккиз йилда иккинчи марта «ПСЖ» чемпионликдан қуруқ қолиши мумкин. Роппа роса ўн йил олдин мамлакат чемпиони бўлган «Лилль» ўз тарихида тўртинчи маротаба ушбу совринга жуда яқин турибди. «Лилль» 36 ўйиндан сўнг, 79 очко жамғарган ва энг яқин таъқибчиси «ПСЖ»дан 3 очко олдинда бормоқда. Демак, сўнгги икки турда 4 очко «Лилль»ни Франция чемпионига айлантиради. Кристоф Галтье эса ҳақли равишда Европанинг энг яхши мураббийи бўлишга асосий даъвогар бўлиши шубҳасиз. «Лилль» нафақат очко тўплашда барқарорлик намойиш этди, балки ўзаро ўйинларда ҳам Париждан устунлик қилди, бу ҳам алоҳида таҳсинга сазовор. 

Галтье шогирдлари бу турда «Сент Этьен»ни қабул қилишса, охирги ўйинни «Анже» майдонида ўтказадилар. Қизиғи, «Сент Этьен» Францияда энг кўп чемпион бўлган клуб саналади – 10 марта. «ПСЖ»да бундай совринлар сони тўққизта бўлиб, ушбу мавсумда етакчиларга етиб олиш имкониятига эга. Хўш, «Сент Этьен» яна бир йилга умумий пешқадамликни сақлаб тургиси келадими ёки спорт принциплари устун келиб, «Лилль»ни тўхтатиб қолишга уринадими, бу ҳам қизиқ интрига. Францияда очколар тенг бўлиб қолганда, тўплар нисбатига қаралишини инобатга олсак, «Лилль» мағлубиятга учрашга ҳаққи йўқ. 

Франция чемпионати. 37-тур

16 май (якшанба)

23:59. ПСЖ – Реймс

23:59. Лилль – Сент-Этьен

23:59. Монако – Ренн  

БОНУС: Туркия

Туркия учун бу янгилик эмас, лекин бу сафарги чемпионлик пойгаси янаям ўзгача бўлди ва Испаниядан қолишмаяпти. Турнир жадвалини якка бошқариб келган «Бешиктош» қаторасига икки ўйини бой берди ва натижада «Галасатасарай» очколар бўйича етиб олди. «Фенербахче» эса ўтган турда мағлубиятга учраб, 1-ўринга чиқиб олиш имкониятини бой бериб қўйди. Энг охирги тур олдидан «Бешиктош» ва «Галатасарай»да 81тадан, «Фенербахче»да эса 79 очко мавжуд. «Бешиктош» ва «Галатасарай» ўртасида ўзаро ўйинлар тенг (1:3, 2:0) бўлгани учун, иккинчи навбатда тўплар нисбатига қаралади. Бу борада «Бешиктош» +44, «Галатасарай»да эса +42. Демак, «Галатасарай» чемпион бўлиши учун «Бешиктош»га нисбатан 3 тўп фарқида ғалаба қозониши ёки «Бешиктош»нинг очко йўқотишидан умид қилиши керак бўлади. «Бешиктош» сафарда «Гёзтепе»га қарши тўп сурса, «Галатасарай» ўз майдонида «Малатьяспор»ни қабул қилади.  

«Фенербахче»да ҳам чемпион бўлиш учун кичкина имконият мавжуд. Бунинг учун «сариқ-қоралар» ғалаба қозонишлари ва ҳам «Бешиктош», ҳам «Галатасарай»нинг мағлубиятга учрашидан умид қилишларига тўғри келади. Улардан бири дуранг ўйнаса ҳам, имконият қолмайди, чунки ўзаро ўйинларда «Фенербахче» ҳар икки рақибига ҳам мағлуб бўлган.

Туркия чемпионати. 42-тур

15 май (шанба)

22:30. Галатасарай – Йени Мальтяспор

22:30. Гёзтепе – Бешиктош

22:30. Кайсериспор – Фенебахече.