Россияда чет эллик талабаларнинг ишлашига рухсат берилади

Россияда чет эллик талабаларнинг ишлашига рухсат берилади

Россия Президенти чет эллик талабаларнинг ишга жойлашишини соддалаштирувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот котиби Ортиқхўжа Норов хабар берди.

Ушбу қонун Россия университетларида кундузги таълим йўналишидаги чет эллик талабалар учун тегишли рухсатнома олмасдан ишлаш имконини беради.

Ҳозирги вақтда Россиядаги чет эллик талабалар фақат таътил пайтида ҳамда бўш вақтларида ушбу таълим муассасалари ҳамда бошқа турли ташкилотларда ишлаш ёки хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, чет эллик талабалар ҳужжатларнинг қисқартирилган рўйхати бўйича ва ушбу рухсатномани олиш учун квоталарни ҳисобга олмасдан берилган рухсатнома асосида иш топиши мумкин. Шунингдек, иш берувчилар ва буюртмачилар чет эллик талабаларни жалб қилиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатномага эга бўлиш мажбуриятидан озод қилинган.

Қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб 180 кундан кейин кучга киради.