Россияда коронавируснинг 1,5 мингга яқин мутацияси аниқланди

Россияда коронавируснинг 1,5 мингга яқин мутацияси аниқланди

«Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова Россияда коронавируснинг 1,5 мингга яқин мутацияси аниқланганини маълум қилди, деб хабар бермоқда «Коммерсантъ». Унинг сўзларига кўра, гарчи баъзи тахминлар мавжуд бўлса ҳам, ҳозирда ҳеч ким пандемия қачон тугашини айта олмайди.

«Бу муҳим мавзу, биз унинг устида ишлаяпмиз, албатта. Бугунги кунга келиб биз деярли 1,5 мингга яқин мутацияларни аниқладик», — деди Анна Попова. Унинг қўшимча қилишича, дунёда коронавируснинг ўзгариши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилиш билан Саратовнинг «Микроб» институти шуғулланмоқда.

«Бугун қатор мамлакатларда, асосан, Европада кўп гапирилаётган ўзгаришлар сентябрь ойидаёқ кўринганди. Шу каби ёки жуда ўхшаш ўзгаришли дастлабки топилмалар июнь ойидаёқ бўлган», — деб қайд этган «Роспотребнадзор» раҳбари.

Попова пандемиянинг тугаш санасини «етти муҳрли сир» деб атади. «Гарчи ҳозирда прогнозлар мавжуд ва янги коронавирус инфекцияси учун эпидемиологик вазият ҳақидаги тушунча шаклланиб бўлган бўлса ҳам», — деган у.

12 январь куни «Роспотребнадзор» матбуот хизмати коронавируснинг аниқланган барча мутациялари вирус геномининг атиги 0,1 фоизига таъсир қилиши ҳақида хабар берди. Бундай ўзгаришлар диагностика ёки вакцинацияга таъсир кўрсата олмаслиги қўшимча қилинган.