Россияда коронавируснинг “британча” штаммини аниқлайдиган биринчи тест тизими ишлаб чиқилди

Россияда коронавируснинг “британча” штаммини аниқлайдиган биринчи тест тизими ишлаб чиқилди

"Роспотребнадзор” (Россия Истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон фаровонлиги соҳасидаги назорат бўйича федерал хизмат) олимлари коронавируснинг “британча” штаммини аниқлайдиган дунёдаги биринчи тест тизимини ишлаб чиқди ва рўйхатдан ўтказди - дея хабар қилди  “РБК” муассаса баёнотига таянган ҳолда.

Тестни ишлаб чиқиш билан “Роспотребнадзор”нинг эпидемиология бўйича марказий илмий тадқиқот институти шуғулланди.

“Янги тест тизими айнан мутацияга учраган штаммнинг бор-йўқлигини тезкор аниқлайди, бунга "британча" мутацияни самарали амплификация қилиш учун олигонуклеотидларни алоҳида сайлаб олиш орқали эришилган ва вируснинг 106 нусха/мл даражасидаги максимал зичлигига мослаштирилган. Бу вирус юкламаси жуда катта бўлган намуналар учун мутацияни аниқлашда сохта мусбат натижалар келиб чиқишидан сақлайди”, — деб “Роспотребнадзор” аниқлик киритган.

Реагентлар тўплами клиник тадқиқотлардан муваффақиятли ўтган ва юқори аниқликка эга. Буни мутацияга учрагани тасдиқланган вируснинг клиник намуналарида ўтказилган синовлар исботлади.

Ушбу технологиялар асосида коронавируснинг бошқа ҳар қандай мутацияларини, шунингдек, тезкор оммавий тестдан ўтказиш талаб қилинадиган бошқа юқумли қўзғатувчиларни аниқлаш учун ҳам тест тизимларини яратиш мумкин.