Россияда мигрантлар учун тил ва тарихдан имтиҳон тартиби ўзгаради

Россияда мигрантлар учун тил ва тарихдан имтиҳон тартиби ўзгаради

Россияда яшаш ва ишлаш истагидаги чет элликлар учун рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топширишнинг янги қоидалари ўрнатилади. 

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарига кўра, имтиҳонларнинг мураккаблик даражаси эса чет эл фуқаросининг мамлакатда бўлиш мақсадига боғлиқ бўлади. Ушбу тартиб Дума томонидан қабул қилинган ҳукумат қонунида белгиланган.

Ҳозирги вақтда Россиянинг ҳудудий бошқаруви ушбу имтиҳонни ўтказувчи таълим муассасалари рўйхатини ҳамда имтиҳонни ўтказиш тартиби ва шаклини белгилаш ҳуқуқига эга. Янги қонунга мувофиқ, имтиҳонлар расмий рўйхатга киритилган таълим муассасалари томонидан ўтказилиб, тегишли сертификат берилади.

Шу билан бирга, сертификатнинг амал қилиш муддати уни олиш мақсадига боғлиқ бўлади. Масалан, вақтинчалик яшаш ёки ишлаш учун рухсатнома олиш истагидаги чет эл фуқароларига сертификат уч йил муддатга берилади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан 180 кун ўтгач кучга киради.