Россиядаги меҳнат мигрантлари маоши қанча?

Россиядаги меҳнат мигрантлари маоши қанча?

Россияда меҳнат мигрантларининг ўртача ойлик маоши 47 000 рубль (Россия Марказий банкининг 10 декабрдаги курси бўйича бу тахминан 638 долларга тенг)ни ташкил этади. Бу ҳақда Россия мигрантлари федерацияси президенти Вадим Коженов маълум қилган.

«Спутник»нинг ёзишича, мутахассислар 2021 йил давомида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган жами 4739 нафар мигрант билан суҳбатлашиб, тадқиқот ўтказган. Сўровнома натижаларига кўра, Россияга янги келган муҳожирлар ўртача 77 200 рубль (1048 доллар ) даромад олишни хоҳлайди. Рус тилини яхши билмайдиганлар 37 000 рубль (502 доллар), яхши билганлар эса 49 000 рубль (665 доллар) олиши аниқланган.

Шунингдек, мигрантларнинг 54,4 фоизи ватанида маош пастлиги, 30,5 фоизи ўз мамлакатида иш йўқлиги, 18 фоизи эса умуман турмуш даражаси пастлиги сабаб Россияга келганини билдирган.

Коженовнинг таъкидлашича, сўровномада қатнашган муҳожирларнинг 27,5 фоизи кунига 8 соатдан 10 соатгача, 22 фоиздан камроғи 8 соат ёки ундан кам вақт ишлайди.

Энг кўп маошни қурилиш соҳасида ишлайдиган мигрантлар топади — ойига ўртача 54 000 рубль (733 доллар), энг ками эса қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаётганларга тўғри келади — тахминан 36 800 рубль (500 доллар).

Мигрантларнинг тахминан 80 фоизи квартираларда яшайди.

Сўровномада иштирок этганларнинг аксарияти (55,9 фоизи) россияликлар томонидан салбий муносабат сезмаётганини айтган. Россияда 5 йилдан ортиқ яшаётган мигрантларнинг 57 фоизи эса бу мамлакатда бутунлай қолиш истагини билдирган.