Россиядаги ОТМларда ўзбекистонлик талабалар ўқишни анъанавий тарзда бошлашлари мумкин

Россиядаги ОТМларда ўзбекистонлик талабалар ўқишни анъанавий тарзда бошлашлари мумкин


Ўзбекистонлик талабалар Россиядаги ОТМларда ўқишни анъанавий тарзда бошлашлари мумкин. Бу ҳақда Россия Фан ва олий таълим вазирлиги матбуот хизматига таяниб «UzNews» маълум қилди.

Қайд этилишича, барча университетлар тавсия қилинган санитария хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда ўқув йилини анъанавий форматда бошлайди.

Фан ва олий таълим вазири Валерий Фальковнинг сўзларига кўра, университетларнинг 96,4 фоизи ўқув йилини 1 сентябрдан, қолганлари эса 1 ноябргача бошлашлари мумкин.

Ўқув йилининг бошланишигача ОТМларга кела олмайдиган чет эллик талабалар ўқув жараёнини масофавий (онлайн) форматда бошлайди. ОТМлар уларни кундузги ўқишга параллел равишда масофадан ўқитишни таъминлашлари шарт.

Вазир чет эллик биринчи курс талабалари билан индивидуал иш олиб бориш кераклигини таъкидлади.

«Улар университетда бўлиши ёки масофадан ўқишидан қатъи назар, мамлакат ва минтақага, маданият ва университет жамоасига ижтимоий мослашув чораларини таъминлаши керак. Университет олий таълим олиш учун Россияни танлаган ҳар бир талабага дўст бўлиши керак», – таъкидлади Валерий Фальков.

Бундан ташқари, Валерий Фальков талабаларни мажбурий эмлашга йўл қўйилмаслигини таъкидлади. Бу ётоқхоналарга жойлашишда ҳам муаммо бўлмаслиги қўшимча қилинди.