Руслан Нурудиновдан икки йиллик тақиқнинг олиб ташлангани маълум қилинди.Олимпиададаги ўрни ҳам бекор қилинди

Руслан Нурудиновдан икки йиллик тақиқнинг олиб ташлангани маълум қилинди.Олимпиададаги ўрни ҳам бекор қилинди

Антидопинг қоидаларини бузганлиги сабаб икки йилга спортдан четлаштирилган оғир атлетика бўйича Рио—2016 Олимпиадаси чемпиони Руслан Нурудиновдан тақиқ олиб ташланди. Бу ҳақда Ўзбекистон оғир атлетика федерасияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов Daryo.uz га берган интервюсида маълум қилди.

Шаҳрулло Маҳмудовнинг айтишича, Руслан Нурудинов Лондон—2012 Олимпиадасида қўлга киритган тўртинчи ўрин бекор қилинган, холос.

«Руслан 2018 йилнинг декабр ойида Лондон Олимпиадасидаги допинг таҳлиллари натижасига кўра спортдан четлатилган эди. Ўтган икки йил ичида Спорт арбитраж судига зарур ҳужжат ва маълумотларни етказиш ишлари билан Русланнинг номидан адвокатлар шуғулланди. Русланнинг 2012 йилдан кейин иштирок этган барча мусобақалари ҳамда Рио Олимпиадасида топширган қони қайта текширилди ва ҳаммаси тоза чиқди. Натижада, у 2012 йили бўлиб ўтган Лондон Олимпиадасида эгаллаган тўртинчи ўрин бекор қилинди, холос. Қолган барча медаллари ва рекордлари ўзида сақланиб қолинди. Суд хулосасига кўра, 2020 йилнинг 17 декабр куни Русландан икки йиллик тақиқ олиб ташланди. У эндиликда мусобақаларда қатнашиши мумкин», — дейди Маҳмудов.

Федерасия расмийси оғир атлетикачи Токио Олимпиадасида иштирок этолмаслиги сабабига ҳам тўхталди.

«Руслан икки йил тақиқда бўлган даврда, яъни 2019-2020 йилларда Токио—2020 Олимпиадасига лисензия берадиган бир қанча мусобақаларда қатнаша олмади. Ҳозир олдинда лисензия берадиган яна битта мусобақа турибди. Агар Руслан шу мусобақада қатнашиб, каттароқ очко олган тақдирда ҳам у лисензияни қўлга киритолмайди. Чунки унинг очкоси Токио—2020 Олимпиадасида қатнашиш учун етмайди ва у иштирок этолмайди».

Шаҳрулло Маҳмудовнинг таъкидлашича, ҳозирда Руслан Нурудинов 2020 йилнинг апрел ойида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.

«Икки йил ичида Русланни ёлғиз ташлаб қўйганимиз йўқ. Уни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турдик. Ҳозир ҳам худди шундай. У айни пайтда апрел ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилаётган Осиё чемпионатига жиддий тайёрланяпти. Шунингдек, Руслан билан 2022 йили бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари ва Париж—2024 Олимпия ўйинларига ҳам тайёргарликни бошлаб юборганмиз», — деди Шаҳрулло Маҳмудов.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг декабр ойида Лондон Олимпиадасидаги допинг таҳлиллари натижасида беш нафар оғир атлетикачи, шу жумладан, Руслан Нурудинов ҳам спортдан четлатилиши ҳақида хабар қилинганди.

Нурудинов Лондондаги Олимпия ўйинларида 105 килограмм вазн тоифасида тўртинчи ўринни қўлга киритган. 2016 йилги ўйинларда силтаб кўтаришда Олимпия рекордини (237 кг) қайд этган ҳолда олтин медалга эга чиққанди.