Рустам Шоабдураҳмонов Осиё қиличбозлик конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди

Рустам Шоабдураҳмонов Осиё қиличбозлик конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди

Маълумки, бугун пойтахтимизда биринчи марта Осиё қиличбозлик конфедерациясининг Бош Ассамблеяси ўтказилди. Унда МОҚ раҳбари, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ушбу спорт турида қитъамиз конфедерацияси раҳбарияти таркибидан жой олди.

Кун тартибидаги асосий масала ташкилотнинг янги Олимпиада цикли учун раҳбариятини қайта сайлаш бўлди. Унга кўра, БАА қиличбозлик федерацияси президенти Шайх Салим Султон Ал Қосими Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти этиб сайланди.

Биз учун аҳамиятлиси, вице-президентликка номзодлар қаторида бўлган Рустам Шоабдураҳмоновни делегатларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлади. Шу тариқа, яна бир нуфузли халқаро ташкилот раҳбарияти таркибидан ўзбекистонлик менежер жой олмоқда. Қайд этиш жоиз, Москва-1980 Олимпиадаси совриндори Собир Рўзиев ушбу конфедерация оиласи вакилига айланган бўлса, Токио-2020 Олимпия ўйинларида ишлаган ҳакамимиз Аида Ҳасанова Конфедерациянинг ҳакамлар, Ортиқ Бўриев эса техник комиссия аъзолигига қабул қилинди. Шубҳасиз, бундай янгиликлар юртимиз спорти ривожини халқаро майдонга олиб чиқиш йўлида муҳим қадам бўлади.

Бош Ассамблея давомида кун тартибига мувофиқ Конфедерациянинг бошқа лавозимлари, жумладан, ажратилган бошқа ўринлар учун вице-президентлар, Бош котиб сайланиб, Ижроия қўмитасининг таркиби шакллантириб олинди.

Маълумот учун, Рустам Шоабдураҳмонов, шунингдек, Марказий Осиё қиличбозлик конфедерацияси президенти ҳисобланади.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Осиё қиличбозлик конфедерацияси таркибига кирган барча юртдошларимизни янги масъулиятли вазифа билан муборакбод этиб, келгуси фаолиятларида омад тилаб қолади.