Садир Жапаров ўзи ким? У қандай қилиб ҳокимият тепасига келиб қолди?

Садир Жапаров ўзи ким? У қандай қилиб ҳокимият тепасига келиб қолди?

Садир Нургожоевич Жапаров 1968 йил 6 декабрда Қирғизистон ССРнинг Иссиқкўл вилояти (Кен-Суу)да туғилган. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.

У ҳақда...

Садир Жапаров 1986 йил ўрта мактабни тамомлаб, ўша йили Фрунзедаги Жисмоний тарбия университетига ўқишга киради. Ўқиш орасида икки йил ҳарбий хизматда бўлади. Меҳнат фаолиятини Султонкўл совхозида бошлайди. Бу ерда уч йил ишлагач, икки йил нефть компанияси («Керкей»)га директорлик қилади.

1996-1997 йилларда уни ­Иссиқкўл вилояти полицияси ишга чақиради. У ерда полиция махсус ротасига инспекторлик қилади. Кейинги тўрт йил давомида «Гўзал» МЧЖ бош директори бўлади. «Лола» инқилобигача – нефтни қайта ишловчи завод – «Нурнефтегаз» бош директори. 2006 йил юридик факультетни тамомлаб, иккинчи мутахассисликни олади.

Сиёсий фаолияти

С.Жапаровнинг сиёсий фаолияти «Лола» инқилобидан кейин бошланади. Аскар Акаев бу инқилоб натижасида ҳокимиятдан кетган эди. Жапаров 2005 йил мартида Жўғорғи Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати этиб сайланади. У Курманбек Бакиевнинг тарафдори эди. 2007 йилда Амнистия бўйича комиссия раиси ўринбосари бўлади.

2010 йил Курманбек Бакиев ҳокимиятдан кетгач, у ва тарафдорлари Ўш ҳамда Жалолободдаги этник тўқнашувларда фаол қатнашади. Ўзларининг айтишича, тўқнашувлар олдини олиш учун (уларга қаршилар фикрича эса, қирғиз националистларини қўллаб-қувватлаш учун). Ўша йил октябридаги парламент сайловларида яна депутат этиб сайланади. Ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмита раиси бўлади.

Намойишлар, айбловлар...

2012 йилдан буён ўзи туғилган жой – Иссиқкўлдаги «Қумтор» олтин конини миллийлаштириш тарафдори бўлиб, унинг бошқарувчисини экологик ҳуқуқбузарлик ва коррупцияда айблаган. Шулар сабаб Садир Жапаров юртдош («земляк»)лари орасида машҳурликка эришди. «Қумтор»ни миллийлаштиришга бағишланган намойишлардан бирида намойишчилар Оқ уйни эгаллаб олишга уринишди. Ташиев ва Жапаровга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодекси 295-моддаси бўйича айблов эълон қилинди («Ҳокимиятни зўрлик билан тортиб олиш ёки уни мажбуран ушлаб туриш).

2013 йил мартида Бишкекдаги Первомайск туман суди уларни айбдор деб топди ҳамда бир ярим йилга озодликдан маҳрум этади. Уч ойдан сўнг улар суд залидан озод қилинди. 2013 йил 27 июнда Иссиқкўл вилояти маркази Қоракўлда «Қумтор»га қарши митинглар пайти намойишчилар вилоят губернатори Эмилбек Каптагаевни гаровга олишга ҳаракат қилишди. Ҳукумат буларни уюштиришда Садир Жапаров ва Кубаничбек Кадировни айблайди. Намойиш етакчилари ҳибсга олинади, унда иштирок этмаганини айтган Садир Жапаров эса мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. Бирмунча вақт Кипрда яшаб юради.

2017 йил Қирғизистонга қайтишга уринди. 25 мартда қирғиз-қозоқ чегарасида ҳибсга олинади. Охир-оқибат Эмилбек Каптагаевни гаровга олиш иши бўйича 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилади.

Октябрь воқеалари

2020 йил 5 октябрда Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларига қарши оммавий намойишлар бошланганини биласиз. 6 октябрда эрталаб Қамчибек Ташиев бошчилигидаги намойишчилар Садир Жапаровни озод қилиб, уни Бишкек марказий майдонига олиб боришади. Ўша куни кечқурун «Достук» меҳмонхонасидаги депутатлар Жапаровни мамлакат бош вазири лавозимига тайинлашни маъқуллайди. Бироқ «Ата-Мекен» партиясидан Қирғизистон бош вазирлигига яна бир номзод Тилак Токтогазиев ўзини ҳукуматнинг қонуний раҳбари деб эълон қилади. Чунки у бу лавозимга оппозицион (қарама-қарши) партиялар раҳбарлари томонидан ташкил этилган Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилишида сайланган эди. Токтогазиев С.Жапаровнинг тайинланишини ноқонуний деб ҳисоблайди, негаки депутатлар уни Садир Нургожоевичнинг бир неча юзлаб тарафдорлари босими остида маъқуллаганмиш. Шунингдек, Жапаровнинг рақиблари парламент кворуми йўқлиги ҳамда уни сайлаш тартиби бузилганини таъкидламоқда.

2020 йил 15 октябрда Сооронбай Жеэнбековнинг истеъфосидан сўнг Садир Жапаров Қирғизистон Президенти вазифасини бажарувчи бўлиб турибди. У айни пайтда Қирғиз Республикасининг 25-Бош вазири ҳам саналади.

Энди янги етакчининг айрим гапларидан иқтибос келтирамиз:

  • Мақсадим – мамлакатда адолат ўрнатиш, коррупцияга қарши ҳақиқий курашиш. Бундан буён коррупцияга қарши кураш сиёсий рақибларни йўқ қилиш воситаси бўлишни тўхтатади.
  • Бундан буён суд ислоҳоти президент аппарати томонидан эмас, балки жамоатчилик назорати остида амалга оширилади.
  • Бугундан бошлаб «криминал диктоват қилишни» [ўз шартларини ўтказишни] тўхтатади. Мен кафолат бераман!

У ўзи айтгандек, мамлакатда адолатни ўрната олармикан? Зеро, Қирғизистоннинг бошқа раҳбарлари шу пайтгача бунинг уддасидан чиқолмаганки, мамлакатда уч марта инқилоб бўлди. Бу ёғига-чи?..


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.