Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг айтишича, Тожикистон билан чегара ҳудудидаги можаро мамлакат ҳудудий яхлитлигини таҳдид остига қўймоқда.
«28-30 апрель Қирғизистон халқи учун оғир тарихий синовлар ва қайғули кунлар бўлди. Муқаддас Ватанимизнинг ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид туғилди, тинч одамларнинг осудалиги бузилди», деган Жапаров Тожикистон билан чегара ҳудудида юз берган можаро ҳақида.
Тожикистон билан чегара ҳудудида юз берган можаро туфайли Қирғизистондаги 78 та уй зарар кўрган. Қирғизистон можаро ҳудудидан 33 мингдан ортиқ фуқаросини эвакуация қилган.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида тожик томони ўз ҳудуди деб ҳисоблаган «Бош» сув тақсимлаш пункти ҳудудида маҳаллий аҳоли ўртасида можаро юзага келган эди. Кейин у қуролли тўқнашувга айланиб кетди ва оқибатда 40 нафарга яқин одам ҳалок бўлди, 200 дан ортиқ одам жароҳат олди.