Саида Мирзиёева: «Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди»

Саида Мирзиёева: «Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди»

Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик мавзусидаги янгиликлар кейинги кунларда умидсизлик занжирига боғланиб кетяпти. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ўзининг Telegram’даги каналида айтиб ўтди.

«Бири ўғил фарзанд кўролмагани учун қизлари билан ўзини поезд тагига ташлади. Бошқаси калтакларга чидолмай, ўзини осди. Қўшниларидан йўлкирага беш минг олганига дўппослашибди. Норасида қизнинг номусига теккан кимса жазосиз қолди, оиланинг зўравонга кучи етмади. Бундай хабарларни эшитиб, одамнинг кўнгли бузилиб кетяпти. Бу ҳали дараги бизгача етиб келганлари. Яна қанчаси бости-бости бўлиб кетяпти экан?», — деган у.

Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, жазосизлик — сукут натижаси.

«Аёл киши уйидаги гапни ташқарига чиқариши, дарди, мусибати ҳақида бировларга гапириши қанчалик қийинлигини тушунаман. Кўпчилик хотин-қизлар буни ўзи учун шармандалик деб билади. Ана шу ўринсиз уятни енгиб, зўравонлик ҳақида очиқ сўзлай олаётганлар таҳсинга лойиқ. Сиз фақатгина ўзингизга эмас, балки кун сайин, йиллаб зулмга чидаб келаётган, жабрдийда бўла туриб, таъналар тагида қолишдан қўрққан, ҳатто энг яқинларига ҳам дардини айта олмаётган аёлларга ёрдам беряпсиз.

Бировга зулм қилувчилар, мансабидан фойдаланиб, жиноятчиларни қўллаётганлар, телефон орқали иш битирадиганлар, одам танлаб, айримларни бошқалардан устун қўядиганлар шарманда бўлсин! Шулар таънага қолсин! Ёшгина келиннинг ҳаёти беш минг сўмга баҳоланибди. Битта қўнғироқ навниҳол қизнинг номусига тенглаштирилибди. Бир оғиз маломат она ва унинг қизалоқлари ҳаёт-мамотини ҳал қилибди», — деган Саида Мирзиёева.

Унинг фикрича, жамият разолат ва сукут учун, «аёлнинг ўзи айбдор» деган қараш учун жуда оғир бадал тўлаяпти.

«Қонунлар бор. Ҳамма қонун олдида бирдек жавоб бериши керак. Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни ҳаққоний тергов қилиш масаласи бирламчи вазифалар қаторида бўлиши шарт. Жиноятчилар жазо муқаррар эканини билсин!», — дея сўзларини якунлаган Саида Мирзиёева.