«Салар» атрофидаги барча корхоналар фаолияти тўхтатилди

«Салар» атрофидаги барча корхоналар фаолияти тўхтатилди

Пойтахтимизнинг «Ўзгариш» ва «Нўғойқўрғон» маҳаллалари аҳолисини қийнаб келаётган ёқимсиз ҳид муаммоси нималарга боғлиқ эканини ўрганиш ҳамда мазкур муаммони бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан ишчи гуруҳ ташкил этилган эди.

"Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизмати маълум қилишича, Санитария-эпидеомиологик осойишталик ва жамоат назорати хизмати, экологлар, бошқа турли соҳа мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳ ўз фаолиятини уч йўналишда олиб бормоқда. 

Биринчи йўналишда «Салар» оқова сувларни тозалаш иншоотининг иш фаолияти тўлиқ ўрганилиб, ускуналар, техник ва технологик ҳолат таҳлил этилмоқда.

Иккинчи йўналишда "Ўзгариш” ва «Нўғойқўрғон» маҳаллалари ҳудудидаги корхоналар фаолияти ва уларнинг «Салар» оқова сувларни тозалаш иншоотига чиқараётган ташламалари атрофлича ўрганилмоқда. 

Учинчи йўналишда Салар канали кўздан кечирилиб, унга ноқонуний чиқиндилар ташлаш ҳолати аниқланмоқда.

5 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишдан сўнг, «Салар» оқова сувларни тозалаш иншооти атрофидаги барча корхоналар фаолияти маълум муддатга тўхтатилган эди. Кузатувларга кўра, улар ишламаётганда кечки пайт иншоотда ҳеч қандай ёқимсиз ҳид сезилмади.

Айни пайтда «Салар» иншооти атрофидаги барча корхоналар фаолияти тўхтатилди ва ишчи гуруҳ ҳамма объектлар, жумладан, иншоот фаолиятини атрофлича ўрганмоқда.